13:51 / 23.11.2021
1 590

Болгариядаги шосседа сайёҳлар автобуси ёниб кетди, 45 киши ҳалок бўлган

Болгариядаги шосседа сайёҳлар автобуси ёниб кетди, 45 киши ҳалок бўлган
Фото: Reuters
Камида 45 киши, жумладан 12 бола шимолий македониялик сайёҳларни олиб кетаётган автобус ЙТҲга учраб, ёниб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. Ҳодиса сешанбага ўтар кечаси Болгария ғарбидаги шосседа рўй берган.

Шимолий Македония ички ишлар вазири Буяр Усманининг маълум қилишича, туристлар гуруҳи Истанбулга сафардан Скопьега қайтаётган бўлган.

Автобусда жами 52 киши бўлган, уларнинг етти нафари омон қолган. Болгария ИИВ 45 кишининг ўлимини тасдиқлади. Расмий хабарларга кўра қурбонларнинг 12 нафари вояга етмаган болалар бўлган.

Жабрланувчилар Софиядаги шифохонага юз ва бўйин соҳасидаги жароҳатлар билан ётқизилган, уларнинг айримларида жарроҳлик амалиёти ўтказишга тўғри келган.

Шифохона ходимининг сўзларига кўра, ёнаётган автобус деразасидан сакраб чиққан етти кишининг аҳволи ҳозирда барқарор.

Автоҳалокат маҳаллий вақт билан тунги соат 2:00 атрофида, «Струма» трассасининг 31-километрида, Софиядан 45 километрлик масофада жойлашган Боснек қишлоғи яқинида рўй берган.

Авария сабаби ҳозирча аниқланмаган, аммо болгариялик расмийлар автобус йўл четидаги тўсиққа урилгани ва ёниб кетганини тахмин қилишмоқда.

Телевидениеда намойиш этилган кадрларда автобуснинг фақат куйиб кетган скелети қолганини кўриш мумкин. Болгария ички ишлар вазири Бойко Рашков автобус ичидан чиқолмаганлар «бутунлай ёниб кетгани»ни маълум қилган.

Воқеа жойига етиб келган журналистлар
«Картина қўрқинчли, жуда қўрқинчли. Мен ҳеч қачон бундай ҳолатга дуч келмагандим», - деган воқеа жойида журналистларга интервью берган Рашков. Болгария бош вазири вазифасини бажарувчи Стефан Янев автоҳалокатни «улкан фожиа» деб атаган.

«Мен даҳшатга тушдим. Бу шундай бир улкан фожиа», дейди телеэфирда Шимолий Македония бош вазири Зоран Заев ҳам.

Болгария миллий тергов хизмати раҳбари Борислав Сарафовнинг аниқлик киритишича, шу куни кечқурун Туркиядан мамлакатга Шимолий Македониядаги туристик агентликнинг тўртта автобуси кирганди.

Унинг маълум қилишича, ҳозирда ҳодисанинг икки эҳтимолий сабаби кўриб чиқилмоқда - ҳайдовчи хатоси ёки техник носозлик.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Болгариядаги шосседа сайёҳлар автобуси ёниб кетди, 45 киши ҳалок бўлган