
Президент Шавкат Мирзиёев 1 декабр куни экспорт салоҳиятини ошириш ва тадбиркорларнинг давлат хизматларидан фойдаланишини соддалаштириш юзасидан тақдимот билан танишди. Тақдимотда тадбиркорлар учун барча давлат ва хусусий хизматларни бир жойга жамлайдиган «Бизнес ҳамроҳ» марказини очиш таклиф қилинди.
Тақдимотда таъкидланишича, Ўзбекистон 2030 йилга қадар экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга етказишни мақсад қилиб қўйган. Мазкур кўрсаткичга эришиш учун анъанавий бозорлар билан чекланмасдан юқори маржали янги бозорларга чиқиш зарур. Тақдимотда истиқболли бозор ҳисобланган мамлакатлар билан имтиёзли савдони йўлга қўйиш, савдо-иқтисодий муносабатларни фаоллаштириб, экспорт-импорт ҳажми ўсишига мос равишда чегара ўтказиш пунктлари инфратузилмаси ва қувватини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Мутасаддилар маҳсулотларнинг ташқи бозорларда эгаллаган ўрни, талаб юқори бўлган товар турлари, хорижий шериклар билан амалга оширилаётган ҳамкорлик лойиҳалари ҳамда экспортни диверсификация қилиш бўйича бажарилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.
Бугунги кунда 81 та давлат идораси томонидан тадбиркорларга 739 турдаги хизмат кўрсатилмоқда. Лекин 576 турдаги хизматлар тарқоқ ҳолда кўрсатилгани учун тадбиркорлар ҳужжат йиғиб, идорама-идора сарсон бўлаётгани кўрсатиб ўтилди. Масалан, гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун 17 та босқичдан ўтиш, 10 та идорага бориш керак.
Шу билан бирга, бухгалтерия, солиқ, экспорт ва сертификатлаш бўйича консалтинг хизмати кўрсатадиган ягона хусусий сервис майдони мавжуд эмас. Бундай хизматларни банклар, суғурта компаниялари, биржа, брокерлар ва логистика операторлари, бизнес таълими ва тренинг дастурлари билан интеграция қилиш мумкин.
Тақдимотда тадбиркорлар учун барча давлат ва хусусий хизматларни бир жойга жамлайдиган «Бизнес ҳамроҳ» марказини очиш таклиф қилинди.
Режага кўра, Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этиладиган марказларда барча давлат ва хусусий хизматларни «ягона дарча» тамойили асосида бир жойда, ягона электрон платформа орқали кўрсатиш йўлга қўйилади. Тадбиркорларнинг мурожаатларига туну кун жавоб берадиган «колл-марказ» ҳам ташкил этилади.
Президент таклифни маъқуллаб, марказ тадбиркорлик субъектини ташкил этишдан тортиб, фаолиятини йўлга қўйиш, тайёр маҳсулотларни сотиш ва экспорт қилишгача бўлган барча соҳаларни қамраб олиши зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга бу борада тегишли топшириқлар берилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.