Ўзбекистонда нақдсиз савдо тизими банк ресурсларини оширади

Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ва автомобиллар савдосини нақдсиз тарзда амалга ошириш режалаштирилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг маълум қилишича, бу қадам йиллик 60–100 триллион сўм миқдоридаги маблағни банк тизимига олиб кириши мумкин ва бу эса кредит бозорида рақобатни кучайтириб, ставкаларнинг пасайишига хизмат қилади.
“Агар битта машина нархи 200 миллион сўм деб олинса ва кун давомида 100 та машина сотилса, бу банк тизимига 20 миллиард сўм киритади. Агар 1000 та машина сотилса – 200 миллиард сўм бўлади”, деди Ҳайдаров 27 мартдаги матбуот анжуманида. Унинг фикрига кўра, йиллик ҳисобда бу кўрсаткичлар янада катталашади ва банклар учун катта миқдорда “арзон ресурс” яратилади.
Ҳайдаров таъкидламоқдаки, бу жараён банклар ўртасида қатъий рақобатни юзага келтиради. Мижозларни жалб қилиш учун банклар ўз хизматлари сифатини яхшилашга ва шартларни енгиллаштиришга мажбур бўлади. “Агар кунига 20 миллиард сўм банк ҳисобида айланиб турса, бу маблағлар кредитга йўналтирилади ва натижада кредит ресурслари арзонлашади”, деди вазир ўринбосари.
Бундан ташқари, Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов маълум қилишича, Ўзбекистонда йил давомида 5,4 миллионга яқин нотариал ҳаракатлар амалга оширилади. Шунинг 320 мингтаси кўчмас мулк, 650 мингтаси автомобил олди-сотдисига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда ёқилғи, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, коммунал ва давлат хизматлари ҳамда кўчмас мулк ва 10 ёшга тўлмаган автомобиллар фақат нақдсиз тарзда сотилади. Шу билан бирга, нархи 25 миллион сўмдан юқори ҳар қандай товар ва хизмат ҳам фақат нақдсиз тўлов эвазига харид қилиниши мумкин.
Бу қадам нафақат банк тизимида ликвидликни оширади, балки аҳоли ва тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиб, иқтисодиётни рақобатбардош ва барқарор ривожланишига хизмат қилади.