
Қиролича бу йил ўзининг 90 ёшлик юбилейини нишонлайди. У ўтган йилда 341 та тадбирда қатнашганига қарамай, ҳамон ёшлигини, навқиронлигини, жисмоний фаоллигини сақлаб қолган. У бунга қандай эришган? “Сosmo.ru” нашри томонидан тақдим этилган унинг узоқ умр кўриш сирларини ошкор этувчи маълумотга асосланиб, "Даракчи" нашри бу ҳақда хабар беради.
1. Генлар таъсири
Қиролича Елизаветанинг онаси 101 йил умр кўрган бўлса, бувилари эса 85 ва 89 йил яшашган. Оксфорд институти генетиги Сара Харпернинг айтишича, аждодлари, яъни буваси 70 йил, бувиси 75 йил умр кўрган инсоннинг узоқ яшаш эҳтимоли катта бўлар экан.
2. Тамаки чекишдан воз кечиш
Қироличанинг тамаки чекмаслик эҳтимоли кам эди, чунки унинг отаси ва опаси ашаддий кашанда бўлган. Елизаветанинг ёшлигида аёл кишининг тамаки чекиши унинг замонавийлигини белгиларди. Шунга қарамай, Елизавета никотинга қарши бўлган, ҳатто турмушга чиқаётганда шаҳзода Филиппга “Тамакини ташласангизгина сизга турмушга чиқаман”, деб шарт қўйган. Филипп унинг шартига кўнган, шундан кейин умуман тамаки чекмаган ва ҳозирда 94 ёшга кирганига қарамай, ўзини яхши ҳис қилмоқда.
3. Шароб истеъмол қилиш
Елизавета II кунига 1-2 бокал шароб истеъмол қилади. Айниқса, юрак қон-томир касалликларига, юз терисига фойдали бўлган оқ шаробни жудаям хуш кўради!
4. Парҳез тутиш
Қиролича димланган товуқ гўшти ва сабзавотли салатни севиб истеъмол қилади, крахмал мавжуд бўлган барча маҳсулотлардан пиширилган овқатни умуман тановул қилмайди, шу билан бирга хамирли пишириқларни ва десертларни ҳам емайди.
5. Бахтли никоҳ
Қиролича шаҳзода Филипп билан 68 йилдан бери бахтли ҳаёт кечирмоқда. У берган барча интервьюларида турмуш ўртоғи уни доимо қўллаб-қувватлаб келганини, тўрт фарзандини тарбиялашда жуда катта ёрдам берганини, ҳеч қачон жанжаллашмаганини таъкидлаб ўтади.
6. Жисмоний фаоллик
Қиролича кунига тоза ҳавода 2 соат пиёда сайр қилади, ҳафтасига икки марта чавандозлик билан шуғулланади, мускуллари фаоллигини ошириш мақсадида куннинг асосий қисмини тик оёқда ўтказади.
7. Хотиржам уйқу
Елизавета II суткасига 7 соат ухлайди, ҳар куни бир вақтда, соат 7.30 да уйғонади. У соғлигини сақлаш мақсадида ҳеч қачон бу тартибни бузмайди.
8. Ақлий фаоллик
Қиролича ҳар куни китоб мутолаа қилишни канда қилмайди, дунё ва адабиёт янгиликларини кузатади, фуқароларнинг ҳукумат номига ёзган мактублари билан танишади, мустақил равишда расмий қабулларни ташкиллаштириш режасини тузади, тематикасини танлайди, сценарийсини ёзади.
9. Хайрия ишлари
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, муҳтожларга чин дилидан ёрдам берадиган одам бошқалардан кўра узоқроқ яшайди. Ўзининг фойдаси тегаётганидан хурсанд бўлган одам организмида стресс даражасининг камайиши соғлиққа жуда катта фойда келтиради. Қиролича дунёнинг 600 дан ортиқ хайрия ташкилотларига ҳомийлик қилиб, уларнинг фаолиятини кузатиб боради.
10. Оптимизм
Сарой аҳлининг айтишича, Қиролича доимо кўтаринки кайфиятда юради. Ҳар қандай шароитда ҳам ҳис-туйғуларини жиловлай олади, ҳеч қачон тушкунликка тушмайди. Олимлар аллақачон ҳаётга оптимистик назар билан қарайдиган одам пессиместларга нисбатан узоқроқ умр кўришини аниқлаган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар