7 сентябрда Бектемир туманида ҳаракатланувчи 13T-сонли электробус куннинг кечки вақтларида бетон устунга урилгани, оқибатда эса автобус ичидаги 5 нафар йўловчи ҳамда ҳайдовчи жароҳатлангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” матбуот хизматига кўра, ЙТҲ 1-Автобус саройи филиали тасарруфидаги Ютонг русумли 13Т-электробуси билан юзага келган. Ўша куни автобус 34−35 км/соат тезликда кетаётган бўлган. Икки йўналишли ҳаракат оқимида транспорт воситаларининг 3 та қатор бўлиб ҳаракатланиши электробуснинг юришига халал берган. Оқибатда ҳайдовчи бошқарувни ўнг томонга буриб юбориши ортидан автобус бетон устунга бориб урилган.
Маълумотларга кўра, ҳодиса содир бўлган вақтда автобус ичида 15−20 нафар йўловчи бўлган, шунинг 5 нафари ҳамда ҳайдовчи тан жароҳати олган. Йўловчилар "Шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси" ва "Тошкент шаҳар 4-сонли клиник шифохонаси"га тиббий ёрдам кўрсатиш учун юборилган. Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Автобусга жиддий техник шикаст етган.
Рақамларга кўра, охирги 7 ойда Тошкентда “Тошшаҳартрансхизмат”га қарашли автобуслар иштирокида 85 та транспорт ҳодисаси кузатилган. Воқеада 98 нафар одам тан жароҳати олган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!