Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев талабалар учун “супер контракт”даги чегирма тўғрисида маълумот берди.
Унга кўра, жорий йилда табақалаштирилган (супер) тўлов-контракт қийматини 2023 йил 15-октябрига қадар тўлиқ тўлаган абитуриентлар учун 10 фоиз миқдорида чегирма берилмоқда (бу чегирманинг оддий контрактларга алоқаси йўқ). Аммо бу чегирма, 56,7 баллдан кўп тўплаган, лекин кириш балига 4,05 балл етмай қолиб, ўқишдан йиқилган абитуриентларга тааллуқли. 4 баллгача бўлган шкаладагилар учун эса чегирма қўлланмайди.
“Супер контракт”нинг 4 баллгача шкаласи қуйидагича бўлади:
- ўтиш баллига 1,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 1,5 баробари;
- 1,06 баллдан 2,05 баллгача — 2 баробари;
- 2,06 баллдан 3,05 баллгача — 2,5 баробари;
- 3,06 баллдан 4,05 баллгача — 3 баробари.
Мана шу тоифадагилар гарчи 100 фоиз тўлов қилса ҳам, уларга чегирма йўқ. Шу сабабли аввал 50 фоизини тўлаб, қолганини ўқув йили давомида бўлиб тўласа бўлади.
“4,05 баллгача деб ёзилганига кўпчилик чалғимоқда ва буни 4,5 балл деб ўйлаяпти. Аммо унақа эмас. 4,05 (тўрт-у юздан нол беш) балл билан 4,5 (тўрт ярим) баллнинг фарқи катта. Кириш чизиғига 4,1 (тўрт-у бир) баллдан кўп етмаган абитуриентлар юқоридаги 4 баллик шкалага тушмайди.
4,1 балл ва ундан кўпроқ етмаганларнинг барчасига (56,7 баллдан баланд бўлса) 8, 10, 12, 15, 17 ва 25 баравар қўлланади”, — дейди у.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!