Тошкент шаҳрида Mercedes-Benz русумли автобус ва юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
«Тошшаҳартрансхизмат» хабарига кўра, бугун, 29 ноябр куни соат 06:50 ларда «4-Автобус саройи» филиали тасарруфидаги Mercedes-Benz русумли 132-сонли йўналишда ҳаракатланаётган, ҳайдовчи А.С бошқарувидаги автобус иштирокида ЙТҲ юз берган.
Қайд этилишича, автобус Янгиҳаёт тумани, Бинокор кўчаси бўйлаб «Тошкент» МФЙ томонга ҳаракатланиш учун орқага қайрилаётган вақтда, Бинокор кўчасининг қарама-қарши томонидан ҳаракатланиб келаётган MAN русумли юк автомобили келиб урилган.
Дастлабки маълумотга кўра, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси натижасида 3 нафар автобус йўловчиси енгил тан жароҳати олган, автобус ва юк автомобили техник шикастланган.
Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг