«Фаҳш баронессаси» ва «Мадам Клод» лақаблари билан танилган, Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбир доирасида қўлга олинган ўзбекистонлик Нилуфар Мирхонова депортация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар берди.
«Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш сўралади», дейилади хабарда.
Ўзбекистон ИИВ маълумотига кўра, 1989 йилда туғилган Нилуфар Мирхонова Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми «а», «в», «г», «з», «и» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланиб, қидирувга берилган эди.
Бундан олдинроқ Ўзбекистоннинг халқаро қидирувга берилган 8 нафар фуқароси Туркияда қўлга олингани, улар орасида қўшмачиликда ва одам савдосида айбланган Нилуфар Мирхонова ҳам борлиги хабар қилинганди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг