“Алвидо”, “Жаноб ҳеч ким” ва “Омад” фильмларида суратга тушган актриса, телебошловчи ва хонанда Ирода Носирова бу йил 43 ёшни қаршилади. Ҳаётда исмига монанд иродали бўлишга мажбур бўлган ва кўплаб қийинчиликларни бошдан кечирган ижодкор ҳақида нималарни биласиз? Агар у ҳақида етарли маълумотингиз бўлмаса, қуйидаги мақолани ўқишингизни тавсия қиламиз.
“Ҳаётда иродали бўлишимни ҳис қилишган”
Фото: Instagram / @iroda_nosirova20
— Исмимни бувим раҳматли қўйган экан. Балки ҳаётда иродали бўлишим кераклигини аввалдан ҳис қилгандирлар. Ижодкор бўлишимнинг асосий сабабларидан бири бу санъаткорлар оиласида туғилганим бўлса керак деб биламан. Бобом Ҳамидулла Наримонов собиқ Ҳамза театрининг энг етакчи актёрларидан бири бўлган. Бундан ташқари дубляж соҳасида ҳам салмоқли ишларни амалга оширган. Отам Ҳусан Носиров эса маҳоратли созанда бўлган. Тоғам Қаҳрамон Ашуров телевидение соҳасида ишлаган, холам Мадина Мухторова эса машҳур актриса. Аммо ўзимда ҳам санъатга бўлган қизиқиш устун келган. Болаликдан қўшиқ айтишга қизиқиб “Илҳом чашмалари” кўрик танловида қатнашардим. 1995 йили жонли эфирда бериладиган “Санъат ғунчалари” номли кўрсатув бўларди. Унинг бир сонида “Ватан” қўшиғини ҳаяжонланиб ижро этгандим. Аммо ўсмирлик ёшига етганимдан кейин отам хонанда бўлишимни истамади. Оиладаги қаршиликлар сабаб, Педагогика институтига ҳужжат топширдим.
Телевидениега қўйилган қадам
Фото: Instagram / @iroda_nosirova20
— Биринчи курсда ўқиётганимда “Давр” информацион дастури учун кастинг ўтказилди. Омадимни синаб кўрдим ва кастингдан муваффақиятли ўтдим. Кўпчилик “Жуда тез гапирасиз”, дейишади. Бежиз бундай шаклланмаганман деб куламан. Боиси, давлат телевидениесида ҳар бир бошловчига уч узоғи 4 дақиқа вақт бериларди. Мен ўша пайтларда спорт янгиликларини ўқирдим. “Янгиликни тез ўқишим керак, вақт етмай қолади”, деган ҳадик бор эди. Қаттиққўл устозлар қўлида тарбияланганмиз. Бу нарса бошловчи бўлиб шаклланишимда катта ҳисса қўшган. Аммо “Давр”даги фаолиятим гўзал якунланмади, у билан боғлиқ оғриқлар мени қўл силтаб кетишимга мажбур қилган, дейди Ирода Носирова.
“Бошловчи қўшиқ айтмаслиги керак эди”
Фото: Instagram / @iroda_nosirova20
— Айримлар ўйлаганидек, бошловчиликдан кетиб хонанда бўлиб қолганим йўқ. Мен аввалдан қўшиқ куйлаганман, роллар ижро этганман. Ҳатто туманимизда ўтказиладиган “Президент арчаси” байрам дастурида кетма-кет икки йил ялмоғиз кампир ролини ижро этганман. Информацион кўрсатувда бошловчи бўлганимдан кейин эса хонанда ва актриса бўлишимга қаршилик бўлган. Яъни у ерда бошловчи бўлган инсон бошқа лойиҳаларда иштирок этиши мумкин эмасди. Қўшиқ айтиш, роль ижро этиш бошловчи имижига таъсир этади, дейишарди.
“Давр”дан кетгач, қўшиқчиликка қайтдим, клиплар суратга олдим. Аммо уни ҳам халққа намойиш этишимда қаршиликлар бўлди, дейди у.
“21 ёшимда ‘запрет’га тушдим”
Фото: Instagram / @iroda_nosirova20
— Кўпчилик мени “чет элга кетиб қолибди, 18 йилдан бери ҳеч қаерда кўринмаяпти”, дейишади. Одамлар кўринмай кетганимни ҳар хил талқин қилишган. Лекин мен Тошкентда эдим, ижодни тўхтатмагандим. Кўринмаганимнинг иккита сабаби бор эди. Биринчи ўзимга боғлиқ бўлмаган сабаби, 18 йил давомида “запрет”да эдим. Иккинчи сабаби эса ўзим шу нарсадан кўнглим қолиб чиққим келмади. Ҳаракат қилсам бўларди, қайсидир эшикларга бош урганимда балки чиқардим. Лекин бу нарсаларни қилмадим. Чунки санъат, шоу-бизнесдан кўнглим қолгани учун бу нарсалардан узоқроқ юрдим.
Ҳамма соҳа бўйича “запрет”га тушганман. Биринчи “запрет” 21 ёшимда телевидениеда ишлаб юрганимда бўлган. Яъни телевизорга чиқиш, бирор дастурни олиб бориш, экранда кўриниш имкониятидан маҳрум бўлганман.
Фото: Instagram / @iroda_nosirova20
Йигирма бир ёш бўлган вақтимни ўйласам, ҳозир орқага қарасам, гўдак бўлган эканман, дейман. Нима деб ўйлайсиз, кимга керак бўлган ёш бир гўдакнинг карьерасини синдириш? Сиёсий хато қилмаганман, ўша вақтда жамоанинг энг кичкинаси, энг ёш журналисти эдим. Нима иш буюрилса, дам олиш куни демасдан, ишимни виждонан бажарганман.
Менга ишдан ташқари таклифлар бўлган. Йўқ деганингиздан кейин кимга ҳам ёқасиз. Ножўя таклифлардан сўнг ўз хоҳишим билан ишдан кетишга мажбур бўлганман ва бундан афсусланмайман. Балким бошқа йўлни танлаганимда мансаб пиллапояларидан юқори чиқиб, шунча вақт ишсиз юрмаган бўлар эдим, дейди Ирода Носирова.
“Осмондан тушган актриса эмасман”
Фото: Instagram / @iroda_nosirova20
— Айримлар ўйлагандек, осмондан тушган актриса эмасман. 8 йил драма тўгарагига қатнаганман, телевидениедаги тақиқлардан сўнг кинода роллар ижро этишни бошладим. Чунки таклифлар аввалдан бўлган, фақатгина ишим сабаб уларга розилик беролмасдим.
У вақтларда фильмларнинг илк тақдимоти, яъни премьералар жуда ҳам дабдабали бўларди. Премьераларнинг бирида олдимга ўша вақтдаги кино раҳбарларидан бири келиб, “Иродахон, сизнинг мухлисингизман, сиз кўпроқ фильмларда чиқишингиз керак, сизга ёрдам бераман, шу соҳада фалон креслода ўтираман”, деди.
Фото: Instagram / @iroda_nosirova20
Эртаси кундан менга режиссёрлар телефон қилиб, “Расмларингизни олиб келинг, синовларга келинг”, дейишди. Фотосиновларга бориб, ҳаттоки синовлардан ҳам ўтдим. Бир-икки кундан сўнг ҳалиги одам кечқурун телефон қилиб, “Бир жойга келиб кетинг, Иродахон”, деди. Сабабини сўрасам “Сизни акаларим билан таништираман”, деди. Кейин билсам у одам улар билан гаров ўйнаган экан. Бормайман деб қатъий айтганимдан сўнг сенсирашга ўтиб, “Сен эртага кинода роль ижро этишингни ўйлаб кўргин, кино остонасига қадам босмайсан”, деди. Қўлингизда осмон бўлса, ташлаб юборинг, дедим. Қўлида кино бор экан, ташлаб юборди.
Эртаси куни фотосиновларидан ўтган режиссёрларим телефон қилиб, “Сизни бизга таклиф қилган одам “запрет” қилди, нима бўлди ўзи, тинчликми?”, деб сўрашди. “Ҳаммаси жойида, “запрет”лар мени қўрқитмайди”, дедим.
“Кинодан ҳам кўнглим совиди”
Фото: Instagram / @iroda_nosirova20
— Вақт ўтиб менга тақиқ қўйган одамнинг ўзи ҳам раҳбарликдан кетди. Ундан кейин бир-иккита фильмларда суратга ҳам тушдим. Ўша вақтларда бир режиссёр мени янги бир лойиҳасига таклиф қилди. Фильм сценарийси айнан мен учун ёзилган эди. Ҳаммаси тайёр бўлиб, ролга киришиб, кийимлар тикилганидан сўнг “Ирода бир ҳомий бор, у шу фильмга пул тикмоқчи, ҳаттоки тиккан пулини ҳам қайтариб олмас экан, фақат у хоҳлаган қизни бош ролда ўйнатишим керак экан”, деди. Ўзимни шу ролда тасаввур қилиб, шу ролда яшаганман. ‘Агар сен ёнимда бўлсанг, менга ҳеч нима керак эмас, биз бу нарсаларни биргаликда енгиб ўтамиз’, деди, “Шарт эмас, раҳмат, йўлингизда давом этинг”, деб кетдим.
Шу билан кинодан кўнглим совиб кетди. Бу ҳамма режиссёрларга тегишли эмас. Мен ижодини ҳам, ўзини ҳам ҳурмат қилган режиссёрлар жуда ҳам кўп. Кетма-кет бўлган шунақа ҳолатлар кўнглимнинг совишига сабаб бўлди. Кейин кинодан ҳам узоқлашишга мажбур бўлдим.
“Клип эфирга кетмади”
Фото: Instagram / @iroda_nosirova20
Ирода Носирова бошловчиликдан кетиб эркин ижодкор бўлишни режа қилганди. Аммо тақиқлар шу қадар кучайдики, унинг клиплари тўлов асосида ҳам намойиш этилмади. Энг қизиғи, у актриса сифатида суратга тушган клиплар ҳам “запрет”га тушди.
— “Қадрингга етмадим, маликам” деган қўшиғим бор, ҳозиргача ҳам бу қўшиқни кўп одамлар сўрашади. Иродахон “Шу клипни мен олай, биринчи клипмейкерлик ишим” деб клипни жуда ҳам чиройли олиб берди. Холаси Мадина Мухторова ҳамда актёр Ҳожиакбар Комилов видеоклипда бош ролларни ижро этишди.
Чиройли клип бўлди. Ўша пайтларда Ирода Носирова “запрет”га тушиб қолган экан, клип олиш жараёни ҳам ўша вақтга тўғри келган.
Видеоклип бадиий кенгашга кирганда Ирода Носировага қарши бўлган кимлардир клипимни ҳам “запрет” қилиб юборган. Шу билан бу клип ҳам эфирга кетмади. Кейин одамлар кўрсин деб клипни дискка чиқаришга мажбур бўлдик, — дейди Анвар Ғаниев.
“Турмушга чиқиш хоҳишим бўлмаган”
Фото: Instagram / @iroda_nosirova20
— Ёшлигимдан “Кеч турмушга чиқаман” деган фикр бўлган, сабабини ўзим ҳам билмаганман. Шундан кейин биз вояга етиб, дугоналарим турмушга чиққандан кейин уларнинг ҳаётини, турмушини кузатиб, бу фикр режаларим сўнгига ўтиб қолган. Ўша пайтда турмушга чиқишдан қўрқиб қолганман.
Совчилар келганда билмадим, нималардир деб қайтариб юборардик. Нима десам экан, менда турмушга чиқишга кучли хоҳиш бўлмаган. Масалан, қизлар турмушга чиқишни хоҳлайди, келин кўйлак кийишни исташади, лекин менда нимагадир шундай хоҳиш-истаклар бўлмаган. Ҳалигача ҳам келин образида ўзимни тасаввур қилолмайман.
Ёшлигимдан кўпроқ ўғил болалар билан ўйнардим, ўғил болалар билан тўп суришардик, ҳаттоки “разборка”лар бўлиб қолса борардик, сочимни калта кесиб, спорт кийимлари кийиб юрардим. Бир оз ўғил болалик, чапанилигим борлиги учунми, билмадим. Лекин бу нарсага жиддийроқ қарашни бошлаганимдан кейин ҳам атрофимдагиларни ҳаётини кўриб, турмушда алданиб қолаётган айрим одамларни кўриб, мен бу нарсага тайёр эмаслигимни ҳис қилганман. Ўзимда шунақа ҳолат рўй беришини хоҳламаганман, дейди Ирода Носирова.
Ирода Носирова бир муддат “Зўр TV” телеканалининг “Бу кун” информацион дастури бошловчи сифатида ишлади, ҳозирги кунда эса фаолиятини “Миллий” телеканалида давом эттирмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди