date

Самарқандда жасадни аравада олиб кетаётган эркак қўлга олинди (видео)

Самарқандда жасадни аравада олиб кетаётган эркак қўлга олинди (видео)

Самарқанд шаҳрида аҳоли орасида катта шов-шувга сабаб бўлган ҳолат қайд этилди. «Mahalla» телеканали хабарига кўра, 24 август куни маҳаллий маҳалла раислари навбатдаги патрул пайтида икки шахснинг шубҳали ҳаракатларига дуч келишган.

Маълумотларга қараганда, «Навбоғчиён» ва «Бўстон» маҳаллалари раислари болалар аравачасидаги елим идишлар орасида яширилган қопни кўришган. Эътиборли жиҳати шундаки, аравача қабристон томон йўналган бўлган. Қоп очиб кўрилганда эса унинг ичида инсон жасади борлиги маълум бўлган.

Воқеа жойида аниқланишича, қўлга олинган эркак ўз поччасини ўлдирган ва жасадни қабристонга яширинча кўммоқчи бўлган. Унинг ёнида аёл ҳам бўлгани айтилмоқда.

Эркак дастлаб терговчиларга берган баёнотида, «поччам уйимизга келган, кутилмаганда вафот этди, шунинг учун кўммоқчи бўлдим» деган иддаосини билдирган. Бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари бу версияни текшириш жараёнида воқеанинг қотиллик эканини аниқлади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари зудлик билан жойга етиб борган ва жиноятчиларни ҳибсга олган. Тергов жараёнлари ҳали давом этаётгани, қотиллик сабаблари ва гумондорларга қўлланиладиган жазо ҳақида ҳозирча расмий маълумот берилмаган.

Маҳалла раислари Адҳам Раҳимов ва Аъзам Остонқуловнинг ҳушёрлиги ва фаолияти эса алоҳида қайд этилди. Улар ўз вақтида ички ишлар органларига хабар бергани учун Ички ишлар вазирлиги томонидан кўкрак нишони билан тақдирланди.

Бу воқеа маҳаллий аҳоли орасида катта резонанс уйғотди. Кўпчиликни нафақат жиноятнинг шафқатсизлиги, балки жасадни яшириш учун қўлланилган ғалати ва қўрқинчли усул — болалар аравачасидан фойдаланилгани ҳам ларзага солди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда жасадни аравада олиб кетаётган эркак қўлга олинди (видео)