17:21 / 12.04.2017
7 124

Тошкентда катта миқдордаги хорижий валютани ўзлаштирган банкирлар жазога тортилди

Тошкентда катта миқдордаги хорижий валютани ўзлаштирган банкирлар жазога тортилди
Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги банкларнинг бирида Жисмоний шахсларга хорижий валюта сотиш бўйича конверсион операциялар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган Норпўлат Самандаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жуда кўп миқдордаги маблағларни талон-торож қилиб келган. Бу ҳақда UZ24 хабар бермоқда.

Н.Самандаров атрофига шу банк масъуллари Т.Башаров ва У.Ризаевларни бирлаштириб, 2015-2016 йиллар мобайнида 238 нафар фуқаронинг номига халқаро тўлов картаси очиш, ҳар бирига туширилган 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни мамлакатдан ташқарига олиб чиқиб кетиш ва нақдлаштириш ишларига бош-қош бўлган.

Самандаров ваколат ва лавозимидан фойдаланиб, Башаров ва Ризаевлар топган кишиларни банкка ҳеч қандай тўсиқларсиз кириш ва ишини муаммоларсиз битириб чиқиш шароитини таъминлаб берган. Яъни, муайян тўлов эвазига паспорти орқали халқаро тўлов картаси очишга рози бўлган шахслар банкка мурожаат қилганида жиноий тўда бошлиғи ўйлаб топган пароль: “Хитойга бормоқчи эдим, шунга виза карта очдирмоқчиман” деган гапни айтиши лозим бўлган. Бошлиқларидан шундай мурожаат билан келганларнинг ишини ҳеч қандай тўсиқ ва монеликларсиз битириб бериш ҳақида топшириқ олган банк ходимлари ўз вазифаларини бажаришдан ўзга чоралари қолмаган. Бунда 2000 АҚШ доллари олиш учун келувчи мижозлар исм-шарифларининг бош ҳарфлари тўда аъзолари томонидан ижрочининг телефонига СМС орқали етказиб берилган.

Шу зайл Н.Самандаров, Т.Башаров ва У.Ризаевлар 238 та халқаро пластик картага 481908 АҚШ долларини ўтказишга муваффақ бўлганлар. Тўда аъзолари тез-тез хорижий давлатларга хизмат сафарига бориб келадиган танишлари Р.Бўриев билан ўзаро тил бириктириб олган эдилар. Маълум бўлишича, Бўриев савдо-сотиқ билан шуғулланиб, кўплаб чет давлатларга бориб турган ва шу боис халқаро пластик карталарни “қора бозор” нархидан бироз арзонроқ қийматда сотиб олаверган.

Давлатни алдаш, иқтисодиётга зиён келтириш, бировлар ҳақига хиёнат, ноқонуний даромад орттириш ҳаракатлари билан шуғулланган тўда аъзоларига жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди томонидан тегишли жазо тайинланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда катта миқдордаги хорижий валютани ўзлаштирган банкирлар жазога тортилди