21:03 / 07.10.2017
3 863

“Қора бозор” устомонлари фош этилмоқда

“Қора бозор” устомонлари фош этилмоқда
Қарши шаҳридаги “Буюм бозори” олдидан ўтган йўл четида қўлида тахлам-тахлам пул ушлаб ўтирган йигитлар ўтганга ҳам, қайтганга ҳам битта гапни такрорлаб туришарди: “Доллар борми, доллар оламиз!”

Кун нашрининг ёзишича, Ф.Некбоев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва унинг шериги О.Файзиев ҳам пул тўла сумкасини кўтариб, ҳали у одамнинг, ҳали бу одамнинг қаршисига чиқиб, доллар сўрашдан чарчашмасди. Шу пайт улар “ҳамкасб”лари ёнидан умидсиз қайтган аёлни пайқаб қолишди.

- Доллар борми, опа? – деди Ф.Некбоев аёлга. – Бўлса айтинг, бошқалардан қимматроққа оламиз. Агар сотиб олсангиз, сизга арзонроққа берамиз.

Аёл қизиқсиниб, уларнинг кўнглидагини билгиси келди. Бунга жавобан О.Файзиев нархни айтди.

- Менга кўпроқ керак эди. 10 минг АҚШ доллари. Қанчадан сотасизлар?

- Опа, йигитнинг сўзи битта бўлади. Айтдим-ку, бошқалардан арзонроққа сотаман, келишсам бўлгани...

Аёл савдога рози бўлди. Пул саналаётган пайтда иш тескари томонга бурилиб кетди. Улар қонунга хилоф равишда валюта айирбошлаш билан машғул бўлишаётганда ашёвий далиллар билан қўлга тушишди. Шу куни уларнинг ёнида 4210 АҚШ доллари ва 35500 Россия рубли борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Худди шу ҳудудда ўтказилган яна бир тадбирда фуқаро У.Маъруфов қонунга хилоф равишда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб, жами 15 минг Россия рублини сотаётганлиги аниқланди. Унинг ёнида бўлган 35 минг Россия рубли ва 5 миллион 400 минг сўм пул ҳам тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Қарши шаҳридаги Ғузор кўчасида ўтказилган тадбирда ҳам валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда сотиш билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди. Тадбир давомида Ғафур Ғулом номидаги МФЙда яшовчи фуқаро С.Тўраев ва Алишер Навоий номидаги МФЙда яшовчи фуқаро З.Жўраев фуқаро С.Ўткировадан жами 3000 АҚШ долларини 22 миллион 740 минг сўмга сотиб олишаётганда жиноят устида қўлга тушишди ва ушбу пуллар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, З.Жўраевнинг сумкасида бўлган 26 АҚШ доллари ва 3 миллион сўм пул ҳам ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳуқуқбузарлар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Қора бозор” устомонлари фош этилмоқда