22:05 / 24.10.2017
8 281

Тошкент Молия институти олдида Spark йўловчини уриб юборди

Тошкент Молия институти олдида Spark йўловчини уриб юборди
Бугун, 24 октябрь куни, аниқроғи бир неча соат аввал Тошкент шаҳрининг марказий автомобиль йўлларидан бирида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Автоҳалокатга оид фотосуратлар ижтимоий тармоқлар орқали ҳам тарқалишга улгурди.

Маълум бўлишича, Тошкент Молия институти қаршисидаги автомобиль йўлида машина йўловчини уриб юборган.

“Минор” метросига яқин жойлашган йўловчилар ўтиш йўлагида содир бўлган воқеа суратларидан ЙТҲ мудҳиш оқибатларга олиб келган бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин.

Автомобиль йўли қон ва шиша синиқларига тўлган. Гувоҳлардан бирининг айтишича, йўловчини тез ёрдам машинаси олиб кетган.

Яна бир гувоҳнинг ёзишича, Spark русумли автомобиль кекса кишини уриб юборган. Тўқнашувдан кейин йўловчи тахминан 4 метр масофага “учиб” кетган.

Кўплаб фойдаланувчилар мазкур автоҳалокатга гувоҳ бўлишганини ёзишган. Айримлар ҳайдовчининг тезликни оширганликда айблашган бўлса, яна кимдир йўловчиларнинг эътиборсизлигини иддао қилмоқда.

Кўпчиликнинг фикрича, бу чорраҳада ЙТҲлари тез-тез учрайди. Бунга эса светафор муаммоси ва йўловчилар ўтиш йўлагини ҳеч ким назорат қилмаслиги сабаб. Шу атрофда ишлайдиганларнинг сўзларига қараганда, бу йўлдан ўтишда автомобиллар йўловчилар ўтиш йўлаги чизиғига деярли эътибор қаратишмайди, яъни йўлдан ўтиш учун соатлаб кутиб туриш мумкин.

Кузатув камералари ўрнатилмаганлиги (тахминимизча) ёки ЙПХ ходимларининг “назорат навбатчилиги”нинг йўқлиги ҳайдовчиларнинг ва йўловчиларнинг йўл ҳаракатига риоя қилмасликларига сабаб бўлади.

Яна бир фойдаланувчи бу йўлга йўловчилар учун кўприк қуришни тавсия этди. Икки тарафлама йўлни ажратиб турувчи тўсиқларни олиб ташлашни ҳам тавсия қилган ҳайдовчилар бўлди. Тўсиқлар баъзан пиёдаларни кўришга ҳалақит беришини таъкидлашган.

Яна бир маълумотга кўра, “Минор” метроси чорраҳаси ва Тошкент Молия институти қаршисидаги йўлдан Олой бозори томонга кетаверишда светофор назорат қилмайдиган 2 та жойга йўловчилар ўтишига мўлжалланган чизиқлар ётқизилган. Ўша жойдаги пиёдалар йўлакчасидан бироз узоқроқда, яъни Олой бозорига яқинлашаверишда, одатда қатор арча дарахтларининг атрофида, ЙПХ ходимлари “навбатчилик”га туришади ва пиёдалар йўлагида пиёдаларни ўтказиб юбормаган ҳайдовчиларнинг хатти-ҳаракатларини “кузатади” ва назорат қилади.

Аммо бу фикрларга ҳам қарши фикрлар ижтимоий тармоқда бонг урмоқда. Яъни ЙПХ ходимлари пиёдалар йўлакчасига яқинроқ жойда туришса, ҳайдовчилар ўз “мажбуриятларини” унутмайди, демак, пиёдалар билан боғлиқ кўнгилсиз воқеалар деярли содир бўлмайди. Узоқроқ жойда “пойлаб” туришса, “беъэтибор” ҳайдовчилар жаримага тортилади холос, бироқ пиёдалар хавсизлиги тўлиқ таъминланмайди.

Юз берган ҳодиса юзасидан воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкент Молия институти олдида Spark йўловчини уриб юборди