18:47 / 01.07.2019
3 426

Зангиотадаги колониядан 6 нафар аёл озодликка чиқарилди

Зангиотадаги колониядан 6 нафар аёл озодликка чиқарилди
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган аёллар колониясида Президент афви эълон қилинган кундан бошқа кунларда ҳам қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига ўтган хотин-қизлар озодликка чиқарилмоқда. Бунга Олий суд ва Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми йўл очмоқда, дейилади Олий суд матбуот хизмати хабарида.

«Мазкур меморандум шарофати билан жорий йилнинг ўтган даврида юз нафардан зиёд хотин-қиз озодликка чиқарилиб, оиласи бағрига қайтди.

Мазкур муассасада ўтказилган шу каби навбатдаги тадбир Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида хотин-қизлар, хусусан, жиноятга қўл ураётган аёллар ҳақида айтган фикрлари туфайли ташкил этилди.

Давлат раҳбарининг Сенатдаги чиқишида жамиятда хотин-қизларга бўлган эътиборни кучайтириш билан бир қаторда, улар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни тилга олди. Бунда уларнинг муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммолари вақтида ҳал этилмаётгани сабаб бўлаётгани танқид қилинди.

Мазкур муассасада ўтказилган тадбирда иштирок этган Бош вазир ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова Президент томонидан хотин-қизларнинг ҳаётимизда тутган муҳим ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг қадр-қимматини кўтариш борасида доимий эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этди.

Шундан сўнг бу ернинг ўзида Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров раислигида суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд жараёнида қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига ўтган, жазо муддатини қисқартиришларини сўраб судга мурожаат қилган аёллардан олти нафарига оид иш кўриб чиқилди.

Уларнинг барчаси Жиноят кодексининг 273-моддаси, яъни гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жиноятга қўл урган.

Шу куни озод ҳаёт сари қадам қўйган аёл борки, уйини, болаларини қўмсаганини айтди. Дарҳақиқат, онанинг ўрни аслида уйда, оиласи даврасида. Ҳеч бир аёл бу бахтдан мосуво бўлмасин», дейилади Олий суд матбуот хизматининг 29 июнь кунги хабарида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зангиотадаги колониядан 6 нафар аёл озодликка чиқарилди