08:00 / 01.08.2019
4 086

Сурхондарёдан топилган Кушон давлати олтинлари илк бор намойиш этилади

Сурхондарёдан топилган Кушон давлати олтинлари илк бор намойиш этилади
Фото: О′зА
Ўзбекистон ва хорижлик сайёҳлар учун янги лойиҳага қўл урилди. Жорий йилнинг 22—27 август кунлари мамлакатда «Ўзбекистон — цивилизация ва йўллар чорраҳаси: империялар, дин, маданият» номли маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтади, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.

Ҳафталик тадбирлари Ўзбекистоннинг тўртта шаҳри — Тошкент, Термиз, Бухоро ва Самарқандда ўтиши белгиланган.
Пойтахтда мазкур маданий мерос ҳафталигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ҳафталик доирасида режалаштирилган тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси раҳбари Ф.Абдухолиқов ва бошқа масъул мутахассислар маълумот берди.

Хусусан, 22 август куни Тошкентдаги Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида халқаро олимларнинг кўплаб сўровларига биноан мустақиллик йилларида биринчи марта Ўрта Осиёда I аср ўрталарида пайдо бўлган, етарлича ўрганилмаган ва бир вақтлар қудратли бўлган Кушон империяси даврига оид ноёб асарлар намойиш этилади.

Сурхондарё вилоятидаги Далварзинтепа қадимги шаҳар қазилмаларида топилган афсонавий «Далварзин олтини»нинг намойиши кўпчиликда қизиқиш уйғотиши табиий.

1972 йилда қазиш пайтида академик Э.Ртвеладзе бошчилигидаги бир гуруҳ археологлар ушбу минтақа тарихидаги I асрга тегишли, оғирлиги 36 кг бўлган энг катта олтин буюмлар хазинасини топган. Бугунги кунга қадар ушбу ноёб хазиналар давлат фондида сақланиб келинган ва улар илгари намойиш этилмаган.

«Бу каби тарихий обидалар ва ноёб топилмаларни аввало юртдошларимизга кўрсатишимиз керак. Шундагина хорижликларни қизиқтира оламиз», — деди А Абдуҳакимов.

Ҳафталик доирасида ҳужжатли фильм ҳам суратга олинади. Бу борадаги ўрганишлар, пресс-турларнинг ташкил этилиши сайёҳларга тўлиқ маълумот беришда муҳим аҳамиятга эга.

24 август куни Ҳафталик иштирокчилари ва меҳмонлари Термиз шаҳрига йўл олади. У ерда жаҳон тарихини ўрганиш борасидаги муҳим воқеалар бўлиб ўтади. Бу ерда биринчи марта «Ўзбекистон — цивилизациялар чорраҳасида» археологик конференцияси доирасида дунёнинг таниқли шарқшунослари маърузалари тингланади.

Термизда Маданий мерос ҳафталиги қатнашчилари ва меҳмонлари Сурхондарё вилоятидаги қадимий шаҳарлар харобалари, тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойлар, эрамизнинг I-ИИИ асрларига тегишли Будда ибодатхонаси мажмуаси, Фаёзтепа, шунингдек, Термиз археология музейини зиёрат қилиш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон — цивилизация ва йўллар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар чорраҳаси» маданий мерос ҳафталиги доирасида Кушон империясига бағишланган ҳужжатли фильм ва китоблар тақдимоти ўтказилиши режалаштирилган.

«Ўзбекистон бой тарихга эга. Сурхондарёнинг ҳам тарихи бой. 2015 йилда капитал таъмирлаш ишлари бўлган. Термиз Археология музейига кириш мумкин бўлмаган. Шунда ҳам ҳеч бўлмаса битта топилмани кўриб кетайлик, деб қизиққан хорижлик сайёҳлар кўп бўлган. Шунинг ўзиёқ тарихимизга бўлган қизиқиш юқорилигидан дарак беради», – дейди Сурхондарё вилояти туризмни ривожлантириш бўлими бош мутахассиси З. Алимардонова.

Анжуманда туризм, археологик қазилмалар, кўргазмалар ҳақида маълумот берилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сурхондарёдан топилган Кушон давлати олтинлари илк бор намойиш этилади