03:00 / 02.05.2020
2 662

Карантинда асосан васваса қийнади...

Карантинда асосан васваса қийнади...
Шу йилнинг 8 март куни Туркияга давлатига иш билан бориб, 16 март куни эрта тонгда ватанга қайтдик. Биласизки, 16-мартдан Ўзбекистонга кириш ва чиқиш тўхтатилди. Бизнинг рейсимиз 15 март соат 22.45 га эди. Қайтадиган кунимиз жуда хавотирга тушиб қолдик. Ўша куни на юришимиз, на ейишимизда хаволат бўлди. Бу ёқда уйдагилар хавотирда. Ишқилиб коранавирус юқтирмасдан эсон-омон ватанга қайтсак бўлди деб кўп дуо қилдик.

Хайрият биз қайтадиган ҳаво лайнери Ўзбекистондан учгани хабарини эшитиб, кўнгил анча таскин топди. Бир амаллаб учоққа чиқиб олдик, уйга қайтаямизу лекин ҳаммамизга ҳар хил ўйлар тинчлик бермаяпти. Тошкентга етиб олибгандан кейин уйга бормасамми? Қаерга бориш мумкин? Ўн тўрт кун давомида ўзимни қаерда изоляция қилсам бўлади? Шу каби саволлар билан Тошкентга етиб келдик. Аэропортда анкета тўлдирдик. Анкетада ўзингиз ҳақида маълумотлар: қаерда яшайсиз, қаердан келяпсиз, боғланиш рақамлари ва ҳоказо.

Ҳуллас ўзимни алоҳида изоляция қилиш учун манзил тополмадим ва Аллоҳга таваккул қилиб уйга келдим. Уйга келиб, гарчи соғинган бўлсам-да, ҳеч ким кўришмадим, масофани сақладим, фарзанларимни ҳам яқинлаштирмадим. Уч-тўрт кун уйдагилар билан мулоқот қилсам, ниқоб тақиб ўтирдим. Хуллас қўлимдан келадиган ҳамма сабабиятларни қилиб, натижани Аллоҳга ташлаб қўйдим. Уй шароитида карантинда ўтирибману, бир кичкинагина, кўзга кўринмас Аллоҳнинг вируси олдида нақадар ожиз эканлигимизни, Аллоҳ буюк қудрат соҳибилигини тафаккур қиляпман. Биз ожизмиз, сени қулингмиз, ҳеч нарса қўлимиздан келмайди деб Аллоҳга бандалигимни изҳор қиламан.

Намозни ўқиб бўлишим билан яна саждага йиқилиб, ўша ҳолатда дуо қиламан. Шу ҳолатда дуо қилсам Роббим мени яхши эшитаётгандек, мен қуллигимнинг яхшироқ изҳор қилаётгандек туюлади. 14 кун давомида миллий гвардия, ички ишлар ходимлари эшигимизнинг тагидан кетмади. Уйимизга на биров кирди ва на кимдир чиқди. Барака топсин, СЭС ходими кун ора қўнғироқ қилиб ҳолатим ҳақида сўради. Карантиннинг нечинчидир куни миллий гвардия ходими уйда ҳамма борлигига ишонч ҳосил қилиш учун ҳаммани кўришим керак деб туриб олди. Ходимга фақат 3 ёшли ўғлимни кўрсатишим мумкинлигини, қолганлар аёллар эканлигини тушунтирдим.

Хуллас у буйруқни бажариши кераклигини тушунтирди ва ҳар куни эрталаб уйдаги ҳаммани кўриши кераклигини айтди. Унга бу уйдан мендан бошқа ҳеч ким чиқмаслигини, ўзи одатий ҳолатларда ҳам аёллар зарурат бўлмаса, кўчага чиқмаслигини, ҳар куни унга аёллар кўринолмаслигини тушунтирдим. Аммо гапларим бесамар кетди ва бошлиғига қўнғироқ қилиб вазиятни англатдим. Бошлиқ гапларимдан кейин "Сизни тушундим, фақат эрталаб ўзингиз кўринсангиз бўлди" деди. Шу ҳолат мени жуда хурсанд қилдим. Биласизми нега? Эътиқодимни тушунгани, ҳолатимга тўғри баҳо бергани, ортиқча савол бериб қийнамагани учун. Алҳамдулиллаҳ мусулмонларга нисбатан вазият анча ўзгарган.

Рўзғоримизга керакли бўлган нарсаларни 14 кун давомида ички ишлар ходимлари ҳеч ҳам оғринмасдан олиб келиб беришди. Бир сафар ўғлим "дада, полицияга айтинг менга печенье олиб келиб берсин" дейди. Роса кулибман. Шу 14 кун мени ҳеч қандай беморлик безовта қилмади, фақат васваса қийнади.

Васваса касал қилди. Бунақа вақтда ўзингиздан кўра оилангизни аҳволи кўпроқ ташвишлантиради. 14 куни шифокор келиб, уйдаги ҳаммани текшириб аҳволимиз муқобиллиги тўғрисида маълумотнома ёзиб берди. Шундан кейингина Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, уй карантини ечилди. Энди тасаввур қилинг менга ўхшаган неча минглаб фуқаролар уй карантинида ўтирдилар.

Давлатимиз шундай оғир шароитда вазиятни тўғри баҳолаб, қарор чиқариб, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилгани сабаб балки бу вирус чекинаётгандир. Мен бир фуқаро сифатида ҳукуматимизни бундай ҳатти ҳаракатларини тўлиқ қўллаб- қувватлайман.

"Қашқирлар макони" сериалида бош қаҳрамон Пўлат Алемдар, мафия оламига кириши учун ўша оламга тегишли бўлган бир чолга жиян бўлиб, мафия оламига кириб боради. Ўша чолнинг менга жуда маъқул бўлган гапи бор. "Агар давлатимиз ҳақ бўлса, давлатимиз томонда, агар ноҳақ бўлса, халқ томонда бўлдик"

Аллоҳим бу балони тезроқ бошимиздан аритгин.

Ёрқин Эрназаров

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Карантинда асосан васваса қийнади...