14:40 / 11.11.2020
1 925

Сохта ИИБ ходими содда аёлни «чув» туширди

Сохта ИИБ ходими содда аёлни «чув» туширди
Қўштепалик Х. Музаффар 32 ёшда. Оила қуриб ҳаётнинг яхши-ёмонини кўрмаган бу йигит пул топишнинг осон йўлларини излаб адашди.
2019 йилнинг август ойида «Дамас» автомашинасида киракашлик қилиб юрганида туман маъмурий судига келаётган содда бир аёл Р. Шоҳида билан танишиб қолди.

— Ўзаро жанжал туфайли турмуш ўртоғим мени кўчага ҳайдади, — деди муштипар аёл кўзида ёш билан. — Шу боис уйимга киритиб қўйишни сўраб судга мурожаат қилганман.

Бозордан ички ишлар ходимининг махсус либосини сотиб олган киракаш йигитнинг қалбига шайтон васваса солди.
— Агар суд қарорини фойдангизга ҳал этиш керак бўлса, мен вилоят ИИБда ишлайман, — дея аёлнинг кўнглига қўл солиб кўрди у.

Муштипар аёлнинг телефон рақамини олиб хайрлашган Музаффар бироз вақт ўтиб ўзига қўнғироқ қилган навбатдаги «ўлжа»ни алдашга тушди.
Шу тариқа у аёлдан шу куни 350 минг, орадан бироз вақт ўтиб 500 минг сўмни суд қарорини унинг фойдасига ижобий ҳал этиш учун олди.

Ёлғон ваъдалардан боши айланган аёл суҳбатларнинг бирида Музаффарга кредитга “Nexia-3” автомашинаси олиш учун пул йиғаётганини айтди. Бу устомон йигит учун навбатдаги имконият эди.

Янги машина олиб беришни ваъда қилган Музаффар тез-тез аёл билан учрашиш учун ички ишлар ходими либосида келиб, турли миқдордаги пулларни олиб кетаверди.

— 2020 йилнинг 3 февраль куни шу машиналардан бири номингизга расмийлаштирилади, — деди у Шоҳидани ўтган йилнинг сўнгги кунлари Фарғона шаҳридаги автосалонга олиб келиб. — Шу десангиз яна бироз пул керак бўлиб қолди...

Машина олиш орзуси Шоҳидага жуда қимматга тушди. Музаффар ундан пул сўрайвериб тинка-мадорини қуритди: қўлидаги тилло узуги, пластик картасидаги пулларигача шилиб олди.

Кутавериб сабри тугаган Шоҳида ҳожатбарор танишини уйига излаб келиб тополмай, телефон қўнғироқларига жавоб бўлавермагач, «чув» тушганини англаб етди. Шу боис ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилди.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди раиси А. Эргашев томонидан ушбу суд иши бўйича ҳукм ўқилди. Унга кўра, сохта ички ишлар идораси ходими фирибгарлик жинояти учун жиноий жазога тортилди. Ундан жабрланувчига етказилган 23 миллион сўм ва 800 АҚШ доллари миқдоридаги моддий зарар ундириладиган бўлди.

Б. Мадиёров

Манба: Xs.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сохта ИИБ ходими содда аёлни «чув» туширди