08:00 / 10.07.2021
2 098

«Коррупцион жиноятларнинг аниқ рўйхати шакллантирилиши кутилмоқда» – Олий суд раиси ўринбосари


Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари коррупция деганда, кўпроқ пора олиш ва пора бериш, мазкур жараёнда воситачилик қилишни тушунишмоқда. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган фармонда Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш вазифаси қўйилган. Бу ҳақда 9 июль, жума куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида сўз борди, дея хабар бермоқда «Дарё».

Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимовнинг таъкидлашича, жорий йилнинг 1 октябригача коррупцион жиноятларнинг аниқ рўйхати белгилаб берилади.

«Президент фармонида Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаб бериш вазифаси қўйилган. Бу нима беради, деган савол туғилиши мумкин. Афсуски, бугунги кунда фуқароларимиз коррупция деганда, кўпроқ пора олиш ва пора бериш, шу жараёнда воситачилик қилишни тушунишади. Аслини олганда, давлат хизматчиси ўзи эгаллаб турган лавозими ёки моддий мансабдор шахснинг моддий жавобгарлигида бўлган мулклардан ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида қилинган ҳар бир ҳаракат коррупцион жиноятни келтириб чиқаради.

Масалан, айбдорга ишониб топширилган ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш (Жиноят кодексининг 167-моддаси) иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар туркумига киритилган. Пора олиш, бериш ва ушбу жараёнда воситачилик қилиш бошқарув тартибига қарши жиноятлар туркумига киритилган. Шу билан бир қаторда, хўжалик фаолияти соҳасидаги жиноятлар туркумига кирувчи ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишда ҳам давлат органи вакилларининг аралашуви коррупцион жиноятларни келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, хусусий мулк ҳуқуқи билан боғлиқ жиноятлар, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши жиноятлар тоифалари борки, булар бугунги кунда амалда бўлган Жиноят кодексида ҳар бир соҳа бўйича бўлиб ташланган. Лекин айнан қайси жиноят таркиби ва қайси ҳолатда коррупцион жиноят бўлиши аниқ белгилаб берилмаганлиги нафақат фуқароларимизда коррупцион жиноят ҳақида тушунча пайдо қилиш, балки кодексни амалиётда қўллаш ваколатига эга бўлган шахсларда ҳам айрим тушунмовчиликларни туғдиради.

Президент фармонида белгиланган топшириққа кўра, 2021 йилнинг 1 октябригача қонун лойиҳаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали коррупцион жиноятларнинг аниқ рўйхати белгилаб берилиши кутиляпти. Натижада айнан қайси жиноятлар коррупцион жиноят эканлиги нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, балки фуқароларимизга ҳам аниқ бўлади», — деди Муслимов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Коррупцион жиноятларнинг аниқ рўйхати шакллантирилиши кутилмоқда» – Олий суд раиси ўринбосари