Жавоҳир Зокиров YouTubeъдаги “Нима гап” лойиҳасига берган интервьюсида “Сотқин” фильмидаги роли, отаси билан боғлиқ армони ва катта маблағ сарфланган фильмининг муваффақиятсизлиги ҳақида гапирди.
— “Сотқин” фильмидаги рол ўзидан ўзи меники бўлиб қолмаган. Унга эришишим осон кечмаган. Биринчи видеосиновдан ўтолмаганман. Шунда “катталар” рол протатипини кўрмаган, шунинг учун уни ўйнолмаяпти, дейишган. Шундан кейин мени турмага олиб боришган. Уч соат у ерда бўлиб, суҳбатлашганман. Кейин ролни ижро этганимда “жуда зўр” дейишган. Шунда мен қаҳрамоним қандай бўлишини тушундим. Улар ҳеч нарсадан қайтмас инсонлар эканлигини билганман. Сценарий муаллифига ҳам “Бу менинг ролим, бошқа ҳеч ким ўйнолмайди”, деганман. Чунки бу рол томошабинларга ёқишини олдиндан билганман.
Фаррух Соипов “Сотқин”да охирги ролини ижро этди. Ўша пайтда у руҳий тушкунликка тушиб қолганди. Кинода келажагини кўролмай, ҳафсаласиз бўлиб қолганини сезиш қийин эмасди. Ҳатто кинога тушишни ҳам хоҳламай қолганди. Шунда Фаррухга “Фильм тарихда қолади, одамлар кўради. Кейинчалик уни кўриб афсусланмаслик учун ролни маромига етказиб ижро этгин. Одамлар кўриб, мана ўзбеклар ҳам шунақа зўр кино олишибди, дейишсин”, деганман.
“Сотқин”да кўрсатилмаган воқеалар жуда кўп бўлган. Чунки уч соатлик учрашув давомида шунақа ваҳшийликлар ҳақида эшитганман. Масалан, прокурорнинг бурни ва қулоғини кесиб ташлашган. Албатта, бундай ваҳшийликларни кинода кўрсатиб бериб бўлмасди.
Бутун дунёда бир фильм муваффақиятга эришса, албатта, унинг давоми чиқади. Бизда эса “Сотқин”нинг давоми чиқмади, — дейди Жавоҳир Зокиров.
Актёр катта маблағ сарфланган фильми муваффақиятга эришмагани ҳақида гапирди.
— “Тўйлар муборак-2” номли фильмга режиссёрлик қилганман. Унга продюсерлик қилиб, бош ролни ҳам ўзим ижро этганман. Бир компания уни суратга олишга жуда катта маблағ ажратган. Ҳамма пулни беминнат кинога сарфлаганман. Аммо бу фильмдан бир тийин ҳам маблағ ишламаганман. Чунки ўша вақтда режиссёр Саид Муҳторов “Фарёд” номли фильмини суратга олганди. Масалан, мен фильмимга 70 минг АҚШ доллари сарфлаган бўлсам, у 7 минг АҚШ доллари тиккан. Аммо мен 7 АҚШ доллари ҳам маблағ топмаганман, у инсон эса сарфлаганидан ўн баробар кўпроқ фойда олган. “Фарёд”да дард бор, шу нарса билан бутун кассанинг пулини олиб кетди, — дейди Жавоҳир Зокиров.
Актёр отаси Жамшид Зокировнинг хизматида бўлолмаганидан афсусланиши ҳақида гапирди.
— Ота-онам билан камдан кам гаплашардик. Чунки улар эрталабдан кечгача ишда бўлишган. Шу боисдан болаликдан кўп вақтим кўчада ўтган. Адам ўлимидан олдин бир йил касаллик билан курашди. Ишонасизми, бир йилда касаллик одамни еб битирар экан. Оиламиз билан уни даволатишга ҳаракат қилдим. “Адам ўлади”, деб умуман ўйламасдим, соғайиб кетишига ишонганман. Ҳозир ўйлаб қарасам, ўша вақтда иш кўп, деб адамга етарлича эътибор беролмаганман. Бувим раҳматли Шоиста Зокирова телевизор кўраётиб “Нега Бахтиёр киноларда кам чиқяпти?” деб сўрарди. Билсангиз, амаким ҳам ўз вақтида машҳур актёр бўлган. “Ҳа чиқяпти, энди кўрсатишса керак”, десам, “Йўқ, у мени кўргани келмаяпти, дуойимни олмаяпти”, дерди. Ҳозир ўйлаб қарасам, ота-онанинг дуосида кўп гап бор экан. Мен буни адамни йўқотгандан кейин яхшироқ ҳис қиляпман, — дейди актёр Жавоҳир Зокиров.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг