
Таниқли актриса Асал Шодиева 6-апрель куни 33 ёшни қарши олди. Бугунги кунда муваффақиятли лойиҳалардаги турли образлари билан томошабинлар меҳрига сазовор бўлган Асал санъатдаги фаолиятини қўшиқчиликдан бошлаганини кўпчилик билмаса керак.
Асал Шодиева 1992 йилнинг 6 апрель санасида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У санъатга кириб келган илк йилларида “Ўзбекистоним” номли таронани ижро этган. Актриса Успенский номидаги мусиқага ихтисослаштирилган мактабда таҳсил олган.
У отаси ҳақида деярли гапирмаган, кўпроқ онаси, бобо, бувиси ва синглиси ҳақида гапиради. Асал Шодиеванинг санъатга кириб келишида бобоси Мирзакалон Шодиевнинг ҳиссаси катта. У аввалига хонанда бўлишни ният қилганди, аммо кутилмаганда режалари ўзгаради.

Фото: Instagram / @asalshodieva
— Илк гонораримни Равил Ботировнинг “Жаннат қайдадир?” фильмидаги ролим учун олганман. Давлат буюртмаси асосида олинган фильмдаги ролим учун 400 минг сўм гонорар беришган. Фильмда кичик рол ижро этишдан ташқари, саундтрекини ҳам дуэт тарзида ижро этгандим. 2008 йилда ёш қиз учун бу кам гонорар эмасди, дейди актриса Асал Шодиева.
Кейинчалик Асал Шодиева актрисалик соҳасида ўзини синаб кўрди ва айнан шу йўналишда машҳурликка эришди.

Фото: Instagram / @asalshodieva
“Жаноб ҳеч ким”, “Учар қиз”, “Уйланиш”, “Ҳай-ҳай қизалоқ”, “Мажнун”, “Пойга”, “Ваҳший”, “Қайсар ошиқлар” актриса ижодидаги муваффақиятли фильмлар ҳисобланади. Актриса кинодаги фаолиятида танаффус эълон қилганидан кейин “Сохта”, “Учта сўз” каби тароналарни мухлисларига тақдим этди.
У 2012 йили “Ҳай-ҳай қизалоқ” фильмида Юлдуз ролини ижро этган. Актриса мазкур рол учун сочларини антиқа тарзда калталатган ва рангли улама сочлардан фойдаланган. Ҳамиша нафис имижда кўринган актрисанинг мазкур кўриниши тезда эътиборни тортган. У замонавийликка интиладиган ва миллий қадриятларни унутган қиз ролини моҳирлик билан ижро этган.
— “Ҳай-ҳай қизалоқ” фильмини кўп марта томоша қилганман. Боиси, фильмдаги ролим ўзимга ёқади. Ўзига хослик ва янгича ёндашув бор, дейди Асал Шодиева.

Фото: Instagram / @asalshodieva
Асал Шодиева 2016 йилнинг 5 июнь санасида хонанда Шоҳруххон билан турмуш қурди. Жуфтликнинг тўйида ўзбек шоу-бизнесининг кўплаб таниқли вакиллари, жумладан, Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева, Улуғбек Раҳматуллаев, Асилбек Амануллоҳ, Ботир Қодиров, Жаҳонгир Позилжонов, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова, Шаҳзода ва ўзбек шоу-бизнесининг бошқа вакиллари иштирок этган. Қизиғи шундаки, жуфтлик муносабатларини узоқ муддат оммадан сир тутган.
— Танишувимизга “Қўшиғим” клипининг съёмкаси сабаб бўлган. Унгача у қадар бир-биримизни яқиндан билмасдик. Съёмкадан сўнг муносабатларимиз илиқлашган, дейди актриса Асал Шодиева.

Фото: Instagram / @asalshodieva
Актриса Асал Шодиева турмуш ўртоғи Шоҳруххондан 7 ёш кичик. У 1992 йилда, Шоҳруххон эса 1985 йилда таваллуд топган. Ҳозирда Асал Шодиева ва Шоҳруххоннинг икки нафар ўғил фарзандлари бор.

Фото: Instagram / @asalshodieva
Асал Шодиева турмуш қурганидан кейин кинофильмларда суратга тушишни камайтирди ва вақтини оиласига сарфлади. Ижодга қайтганидан кейин актриса турмуш ўртоғининг “Юрак”, “Гулим” тароналарига ишланган видеоклипларида суратга тушди.

Фото: Instagram / @asalshodieva
— Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, икки нафар фарзандимиз бор, Асал уларга қараши керак, ундан ташқари уйда кўп юмушлари бор, вақти бўлмагани учун ижодда бир оз танаффус қилишга тўғри келди. Ижод қилишига рухсат ҳам, бадиий кенгаш ҳам бор, дейди актрисанинг турмуш ўртоғи Шоҳруххон.
Асал Шодиева 2024 йилда яна фаол ижодга қайтди. У режиссёр Дилшода Қосимованинг “Уйга қайтиш” фильмида, шунингдек, турмуш ўртоғи билан биргаликда “Мусиқа—бу севги” фильмларида суратга тушди. Бундан ташқари актриса турли йирик компаниялар билан реклама шартномалари имзолади.
Манба: Daryo.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар