date
views 632

Машҳурлик ва оғриқ: Айсанемхон қалбидаги ҳақиқатлар

Машҳурлик ва оғриқ: Айсанемхон қалбидаги ҳақиқатлар
Актриса Айсанемхон Юсупова “Аёл қалби” кўрсатувида санъатга кириб келиш сабаблари, онасининг орзуси, машҳурлик ортидаги масъулият, ва ҳаётдаги синовлар ҳақида сўзлаб берди.

Санъатга бўлган муҳаббат Айсанемхон учун оилавий орзуларнинг давомидир. У мотивацияни ҳамон онасидан олишини айтади.

"Аслида онам санъаткор бўлишни орзу қилган, аммо оилада битта қиз бўлгани сабабли рухсат беришмаган. Кичкиналигимдан агар санъат йўналишини танласанг, мен бундан хурсанд бўламан дерди. Фақат сен энг зўри бўлишинг керак, ўртамиёна санъаткор бўлиш жуда қийин деб айтган онам", дейди актриса.

Унинг айтишича, онаси ҳамиша барча премераларига келади ва таъсирланиб йиғлаб ўтиради. Баъзида танқид ҳам қилади ва ҳали кўп ўрганиши кераклигини доим таъкидлайди.

Санъатга илк қадамдан машҳурликкача

Айсанемхон мактабни аъло баҳоларга битирган ва юридик коллежга киришга қарор қилган. "Агар киролмаганимда маданият йўналишига топширмоқчи бўлганман. Лекин ўқишга кирганман. Коллежда биринчи курсда ўқиб юрган пайтимда санъатга илк бор қадам қўйганман. Вокалдан 4 йил дарс олганман коллежда ўқиган вақтларимда", дейди у.

Биринчи таклиф режиссёр Ҳилол Насимовдан бўлган. Ҳаёт фильмига кастинг ўтказаётганда мени йўлакда кўриб қолганлар. Сўнг қаерда ва қайси йўналишда ўқишимни сўраб, кастингга таклиф қилган. Бу 2017 йил эди.

Машҳурликка тез эришган актриса бу ҳолатни катта масъулият деб билади.

"Бу менга жуда катта масъулият юклайди. Ишимга янада жиддийроқ қарашимга тўғри келади. Ёшлар менга эргашишини ўйлаб, нотўғри йўналишни кўрсатиб қўймай деб ҳаракат қиламан", таъкидлади актриса.

Қийин съёмкалар ва ички кураш

Актриса кўплаб давлат фильмларида рол ўйнаган, бироқ аксарият ҳолларда унга мураккаб образлар тўғри келади.

"Ҳар гал қийин съёмкаларга тўғри келиб қоламан. Чунки менга юклатилган рол осон бўлмайди. Балки мен қийинчиликларга очиқ бўлганим учун ҳам шундай съёмкалар дуч келар", дейди актриса.

Унинг учун энг қийин лойиҳалардан бири “Ўзбек қизи” фильми бўлганини айтди.

"Жуда қийналганман. Сўнгги суратга тушиш жараёнларида ҳатто стрессга ҳам тушганман. Суратга олиш жуда узоқ давом этди. Оилам билан бошқа давлатда 2 ой яшадик. Кўп жароҳатлар олганман. Лекин бу орзумдаги роллардан бири эди".

Айсанемхон интервьюда ҳаёт унга катта дарс берганини, одамларга ишончи йўқолганини таъкидлади.

"Муаллимдан кўра ҳаёт жуда зўр дарс бериб қўяркан. Айнан шу жараёндаман. Сиз ишонган одамлар ҳар доим ҳам сиз ўйлагандек бўлиб чиқмас экан. Сизни кичик сирларингизни биладиган яқинларингиз сизга зўр дарс бериб кетаркан. Кейин сергак, эҳтиёткор бўлиб қоларкансиз. Шу сабабли одамларга бўлган ишончим сустроқ", дейди у.

Актрисанинг шахсий ҳаётга муносабати ҳам кескин. "Мен кечирмайман ва кечиб кетаман. Бир марта хиёнат қилган инсон, яна хиёнат қилади", дейди актриса.

Айсанемхон ҳар қандай фильмда рол ўйнашга рози бўлавермайди. У учун бир қанча жиҳатлар жуда муҳим.

"Албатта партнёрларим кимлигини сўрайман. Агар ўзим таниган, билган инсонлар бўлса, рози бўламан. Партнёр масаласи — бу сиз учун 50 фоиз меҳнат дегани. Энг маза қилиб ишлайдиган партнёрларим бу Шоҳруҳ Ҳамдамов ва Фотиҳ Насимов".

Айсанем ва Шоҳруҳ Ҳамдамовнинг партнёрлик ролларидаги ижроларидан сўнг, мухлислар уларни бир-бирига жуда мос экани ҳақида жуда кўп изоҳлар ёзишди. Интервьюда актриса бу мавзуга ҳам тўхталди.

“Шоҳруҳ билан анча йиллардан бери дўстмиз. Фильм ва клипларда кўп рол ижро қилганимиз учун мухлислар бизни яхши қабул қилишган.”

Санъаткор бўлиш — доимий эътибор ва ғийбатларга сабаб бўлиши аниқ. Айсанемхон бу ҳолатга ҳам хотиржам қарайди.

"Мен танқид, ғийбатлар ким томонидан айтиляпти — шунга қарайман. Мени бошқа шунча ишларим бор, нега мени ёмон кўрадиган инсонлар учун вақт сарфлашим керак? Ахир мени яхши кўрадиган яқинларим, мухлисларим кўп-ку, дейди Айсанем.
Шу касбни танлаб, турмушга чиқмаганимдан афсусланаман. Лекин мен ҳали яна ижод қилишим керак, юқори чўққиларга чиқишим керак. Агар бўлажак турмуш ўртоғим “Ишингни йиғиштир” деса, ўзимга савол берар эдим: шунча меҳнатим, ота-онамнинг мени ўқитгани — шу инсон учун арзийдими? Агар ҳақиқатда арзийдиган инсон бўлса, ишимни йиғиштирардим", дейди актриса.

Айсанемхонни болалик пайтларида жуда кўп ажратишган. Интервьюда актриса болалик хотиралари ҳақида шундай эслайди.

"Мактабда ҳам, боғчада ҳам, ҳатто дугоналарим ҳам мени ажратарди. Аммо сабабини билмайман. Бунга кўникканман. Энг яқин дўстим — онам ва синглим", дейди у.

Айсанемхон ёнида суяна оладиган, қалқон бўла оладиган, уни қўллаб-қувватлайдиган ва орзуларига эришишида кўмаклашадиган инсонни орзу қилаётганини айтади. Шунингдек, келажакда академия очишни режалаштираётганини ҳам билдириб ўтган.

"Мен ҳар доим ёшимга нисбатан анча улғайганман. Озми-кўпми қийинчиликларни босиб ўтдим. Ноҳақ туҳматлар бўлгач, одам ўйлаб қоларкан. Атрофга қарасангиз тенгдошларингиз ўйнаб кулиб юради. Мени болалигим ҳам қийинроқ ўтган. Яқинларимнинг қийинчиликлари ҳам бунга сабаб бўлган. Қалбим ақлимга нисбатан ожиз. Кўпинча кўнглимга таяниб иш қилганимда ютқазаман деб ўйлайман. Агар ақлим билан иш қилганимда унақа бўлмасди дейман. Аслида инсон 70 фоиз ақлга, 30 фоиз қалбга таяниши керак", дейди у.

Суҳбат якунида эса кўнглини очиб, сўнгги пайтларда кўп йиғлаётганини тан олган. У аслида йиғлоқи эмас, лекин ҳозирги ҳолати уни тез-тез кўз ёш тўкишга олиб келаётганини таъкидлайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Машҳурлик ва оғриқ: Айсанемхон қалбидаги ҳақиқатлар