Netflix’нинг машҳур лойиҳаси "The Witcher" сериалининг сўнгги қисми устида олиб борилган ишлар ниҳоясига етди. Redanian Intelligence хабарига кўра, якуний саҳналар Longcross киностудиясида тасвирга олинган.
Ишлаб чиқарувчилар ва актёрлар бу босқични катта ҳаяжон билан қарши олмоқда. Яқин кунларда жамоа аъзолари ижтимоий тармоқларда кўплаб постлар билан ўз таассуротлари билан ўртоқлашиши кутилмоқда. Тўртинчи фасл 2025 йил 30 октабрда намойиш этилиши белгиланган, бешинчи фасл эса 2026 йилда тақдим этилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Netflix томонидан “The Witcher” экранизацияси устидаги ишлар 2017 йил май ойида расман эълон қилинган эди. Биринчи мавсум суратга олиш жараёнлари 2018 йилнинг кузида старт олган, Генри Кавилл эса Будапешт шаҳрида Ривиялик Гералт образида илк бор камера қаршисига чиққанига деярли етти йил бўлди. Кейинчалик иш жараёни Буюк Британияга кўчиб ўтди ва сўнгги икки мавсумда бош ролни Лиам Хемсворт ижро этмоқда.
Шунингдек, “Witcher” олами муаллифи Анжей Сапковскийнинг янги асари — “Raven’s Crossing” китоби 2025 йил 30 сентябрдан бошлаб халқаро майдонда сотувга чиқиши маълум бўлди. Шу билан бирга, CD Projekt Red компанияси томонидан “The Witcher 4”лойиҳаси ҳам фаол ишлаб чиқилмоқда.
Дарвоқе, яқинда Лиам Хемсворт бош ролида суратга олинган “The Witcher”нинг тўртинчи мавсум трейлери ҳам мухлислар эътиборига ҳавола қилинди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!