Машҳур Муҳаммад “Ой ва Қуёш” номли янги қўшиғини тақдим этади (видео)

Хонанда Машҳур Муҳаммад Instagram саҳифаси орқали мухлисларига тез орада яна бир янги қўшиғи тақдим этилишини маълум қилди. Янги тарона “Ой ва Қуёш” деб номланади.
Санъаткор ушбу қўшиқдан парчани эълон қилар экан, видео остида қуйидаги самимий изоҳни қолдирди:
“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!
Кечагина таваллуд айёмлари кенг нишонланган бобокалонимиз, ҳазрати Мир Алишер Навоий қаламига мансуб бир рубоий болалигимдан менга жуда ёқар эди. Шу боис, унга мазмунан яқин ва муштарак фикрларни уйғунлаштириб, қўшиқ шаклига келтиришга жазм қилдим.
Ижод маҳсулимиз муҳтарам тингловчиларимизни, мусиқа ва шеърият ихлосмандларини, айниқса, жонкуяр ва меҳрибон ота-оналаримизни хушнуд этса, демак, биз ўз мақсадимизга етган бўламиз.
Ота-онаси ҳаёт бўлганларга узоқ умр тилайман. Ўтганларни эса Аллоҳ раҳматига олсин.
Ушбу қўшиқни ҳаётимда ўчмас из қолдирган инсонлар — бобом Маъмуржон ҳожи ота ва бувим Ҳикматхон ҳожи онанинг порлоқ хотирасига бағишлайман.”
Қайд этилишича, мухлислар янги таронадан тақдим этилган парчани илиқ кутиб олиб, хонандага самимий ва эзгу тилакларга бой изоҳлар қолдиришмоқда.