Кулги ортида фожиа: «Зита ва Гита» фильмидаги Манораманинг оғир тақдири

Ҳинд киноси тарихида шундай актрисалар мавжудки, улар экранда бир неча лаҳза кўринса ҳам, томошабин юрагида ўчмас из қолдиради. Ана шундай ноёб истеъдод эгаларидан бири – «Зита ва Гита» фильмидаги золим кеннойи образи билан танилган Манорама эди.
Унинг асл исми – Эрин Исаак Даниел. Аммо миллионлаб мухлислар уни фақат бир ном – Манорама сифатида билади.
Манорама 1926 йил 16 август куни Лаҳорда таваллуд топган. Унинг отаси ирландиялик, онаси эса ҳиндистонлик бўлган. Болалик йиллари осон ўтмади – моддий қийинчиликлар ва турмуш синовлари уни эрта улғайтирди.
Бўлажак актриса ёшлик чоғлариданоқ санъатга, айниқса саҳнага қизиқиш билдирди. Бу иштиёқ уни кино оламига етаклади. Ўша даврда Болливудда ўз ўрнини топиш осон эмас эди, аммо Манорама тинимсиз меҳнат ва ўзига хос истеъдод орқали бу йўлни босиб ўтди. Кейинчалик у классик Болливуд даврининг энг ёрқин иккинчи пландаги актрисаларидан бирига айланди.
Манораманинг ижро этган образлари оддий эмасди. У қаттиққўл қайнона, айёр ва маккор аёл, бир вақтнинг ўзида ҳам кулгили, ҳам даҳшатли қаҳрамонларни гавдалантирар эди. Актрисанинг мимикаси, овози ва ҳаракатлари шу қадар таъсирли эдики, ҳатто кичик роллари ҳам томошабин хотирасида сақланиб қоларди.
1972 йилда намойиш этилган «Зита ва Гита» фильми Манорамага ҳақиқий шуҳрат олиб келди. Унда актриса золим, очкўз ва шафқатсиз кеннойи – Каушалия ролини маҳорат билан ижро этди. Бу образ томошабинни ҳам ғазаблантирди, ҳам кулдирди ва уни кино тарихида муҳрлаб қўйди. Манорама ушбу роли орқали «негатив комедия устаси» сифатида ном қозонди.
Экранда қаттиққўл ва қўрқинчли кўринган бу аёлнинг шахсий ҳаёти эса анча мушкул кечди. У турмуш қурган бўлса-да, оилавий бахтни тўлиқ ҳис қила олмади. Умр йўлдоши билан муносабатлари мураккаб бўлган. Кейинчалик эри вафот этгач, бу Манорама учун катта руҳий зарбага айланди.
Аммо актрисанинг энг оғир дарди – қизининг бедарак йўқолиши эди. Рита Ахтар унинг энг яқин ва азиз инсони бўлиб, сирли тарзда йўқолган. Она эса фарзандини йиллар давомида кутди, излади, умид қилди... аммо бу орзу ҳеч қачон рўёбга чиқмади. Қизидан айрилиқ дарди Манорама қалбида умрининг сўнггигача сақланиб қолди.
Ёш ўтгани сайин Манорамага кино соҳасидан таклифлар камая бошлади. Даромад манбаи ҳам қисқарди.
Бир пайтлар миллионлар олқишига сазовор бўлган актриса молиявий қийинчиликка дуч келди, ҳатто уйидан ҳам айрилди. Айрим маълумотларга кўра, Манорама ҳатто кўчада яшашгача тушиб кетган. Бу ҳолат унинг шонли ўтмиши билан кескин қарама-қарши эди.
Ҳаётининг сўнгги йилларида Манорама бир неча лойиҳада қатнашиб, қисман бўлса-да молиявий барқарорликка эришди. У кичикроқ уй сотиб олиб, тинч ва сокин ҳаёт кечиришга интилди.
Манорама 81 ёшида инсульт сабаб вафот этди. Энг ачинарлиси, унинг дафн маросимида жуда кам инсон қатнашди. Актриса деярли унутилган ҳолда ҳаётдан кўз юмди. Бир вақтлар экранни забт этган бу аёл ҳаёт саҳнасини жимгина тарк этди. У экранда золим кеннойи эди, аммо ҳаётда меҳрга муҳтож, қалби яраланган инсон бўлиб дунёдан ўтди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!