Воҳиджон Исоқов: "Оиламнинг ишонмаслиги хафа қилади!" (видео)

Воҳиджон Исоқов: "Оиламнинг ишонмаслиги хафа қилади!" (видео)
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Хонанда Воҳиджон Исоқов оила аъзоларининг унга ишонмаслигидан хафа бўлишини, чунки бу боланинг ўзига бўлган ишончини йўқотишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
  • Унинг фикрича, болаларни уриш ўрнига, уларнинг хатоларини тушуниб, уларга кўпроқ ишонч билдириш керак.
  • Исоқов ўз болалигида доим танқид қилинган танишининг ўзига ишончи паст инсон бўлиб улғайганини мисол қилиб келтирди.

Хонанда Воҳиджон Исоқов интервюларидан бирида ўзини нима хафа қилиши ва фарзанд тарбиясида ота-онанинг ишончи қанчалик муҳимлиги ҳақида гапирди. Санъаткорнинг фикрича, болага ишонмаслик, уни бошқалар билан таққослаш ва доимий танқид қилиш унинг ўзига бўлган ишончини йўқотишига сабаб бўлиши мумкин.

“Уйдагиларим менга кўп нарсани ишонишмагани хафа қилади. Бирор нарсани айтсам, «Сенинг қўлингдан келмайди», дейишади. Менга кўпроқ ишонч билдиришмагани алам қилади. Шунда «Ҳали сизларга кўрсатиб қўяман», деб кўп айтаман”, — деди хонанда.

Суҳбат давомида ундан бундай гаплар фарзанднинг руҳиятига таъсир қилиши ҳақида ҳам сўралди. Воҳиджон Исоқов эса бу ҳолат болани руҳан синдириши мумкинлигини таъкидлади.

“Албатта, синдиради. Мен болаларим бирор нарсани синдириб қўйишса ёки жуда керакли нарсамни йўқотишса ҳам, уларни уришмайман. Биласизми, нима учун? Чунки уришсам, кўнгли синади. «Болам, бўлди, мана, янгисини олиб келамиз, фақат бошқа бундай қилма деб болага янада кўпроқ ишонч бериш керак”, — дея фикр билдирди санъаткор.

Хонанда ўз фикрини ҳаётда кузатган воқеаси билан ҳам изоҳлади. Унинг айтишича, болалигида бирга улғайган танишининг отаси фарзандини доим танқид қилган ва уни бошқа болалар билан таққослаган.

“Ҳар куни уйга келганида: «Нега молларга сув бермадинг? Нега бундай қилдинг? Мана, қўшнининг боласига қара», дерди. Гўёки бутун дунёда ҳамма яхши-ю, фақат унинг ўғли ёмон эди. Уни доим бошқалар билан таққослаб катта қилди”, — деди Воҳиджон Исоқов.

Санъаткор ўз оиласидаги тарбия усулини ҳам эслаб ўтди. Унинг таъкидлашича, отаси фарзандларига меҳр билан муносабатда бўлган, уларни ҳурмат қилган ва қўллаб-қувватлаган. Шу сабабли улар ўз фикрларини эркин ифода этишга ўрганган.

Хонанданинг айтишича, болалигида доим танқид ва таққослашга дуч келган таниши эса улғайганида ўз фикрини эркин билдиришга қийналадиган, ўзига ишончи паст инсонга айланган.

“Шундан билдимки, инсоннинг ичидаги оловни ўчириб қўйиш мумкин экан. Шунинг учун, Худо хоҳласа, фарзандларим билан ҳеч қачон бундай муносабатда бўлмайман”, — деди у.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу фикрлар кузатувчилар орасида ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. Изоҳларда кўпчилик хонанданинг болага ишонч билдириш, уни бошқалар билан таққосламаслик ва хатоларига меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақидаги фикрларини қўллаб-қувватламоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар