Машҳур репер Navai гиёҳванд модда билан ушланиб, икки ойга қамалди

Россиялик репер Navai Қозоғистонга кириш вақтида қўлга олинди. Суд қарори билан у икки ой муддатга ҳибсга олинган. Ҳодиса сабабли артистнинг Остонадаги концерти ҳам қолдирилди.
Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, Navai 13 октябрь куни Қирғизистондан Қозоғистонга ўтаётганида «Қордай» чегара назорат пунктида ушланган. Автомобилни текшириш жараёнида гиёҳванд модда аниқланиб, мусодара қилинган. Нашрлар машинадан 10 грамм марихуана топилганини ёзмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан гиёҳванд моддалар контрабандасига уриниш гумони билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда иш бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳодиса туфайли репернинг 14 октябрь куни Остонада ўтказилиши режалаштирилган концерти ҳам номаълум муддатга қолдирилган. Ташкилотчилар буни техник сабаблар билан изоҳлаган. Чипта сотиб олган мухлисларга пулларини қайтариш учун тегишли савдо платформаларига мурожаат қилиш тавсия этилган.






























Изоҳлар 0
…