07:50 / 11.03.2020
5 390

«Жалолиддин Мангуберди» сериали турклар томонидан суратга олинишига изоҳ берилди

«Жалолиддин Мангуберди» сериали турклар томонидан суратга олинишига изоҳ берилди
Маълум бўлишича, бош ролларни турк актёрлари ижро этади. Ўзбек актёрлари эса қўшимча эпизодларда кўриниш беради.
Асар нега турк ижодкорлари томонидан ишланяпти, унда нима учун ўзбек актёрлари бош ролда эмас, деган саволларга 10 март куни Маданият вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда сериал бош маслаҳатчиси Бобохон Муҳаммад Шариф жавоб берди.

Унинг айтишича, ўзбек актёрлари орасида истеъдодлилари бор, «лекин ҳали кино соҳамиз бунга тайёр эмас».
Шунингдек, ўзбек киноси «баъзи саҳна кўринишларига ишлов беришда етарли тажрибага эга эмас».

Бобохон Муҳаммад Шариф / Фото: Маданият вазирлиги матбуот хизмати
Сериал ҳужжатли фильм эмас, балки бадиий фильм тарзида ишланади.
«Aввало, нима учун бу фильм керак бўлиб қолди, деган саволга жавоб бериш зарур. Жалолиддин Мангуберди ким эди? Буни фильм қилишдан халққа нима берамиз?
Бу инсон – бутун жаҳонга машҳур шахс. У ватанпарвар. Чингизхон ҳукмдор бўлиш учун курашган бўлса, Жалолиддин ватанини ҳимоя қилиш учун курашган.

130 йил давомида бошқинчилар зулми остида яшаганмиз. Миллий ғуруримиз топталган. Бу фильм орқали биз ўша ватанпарварлик руҳини қайтармоқчимиз.
Фильм 26 қисмдан иборат бўлади. Бироқ ҳозирча биз унинг 13 қисмини яратиш бўйича ишлар олиб бормоқдамиз
», – деди Бобохон Муҳаммад Шариф.

Фильм Туркияда ишланиши ва суратга олиниши учун жами 7 млн. доллар ажратилиши режалаштирилган.
Учрашувда, шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб берди.

Фото: Маданият вазирлиги матбуот хизмати
«Aлбатта, бу ишнинг ҳам ўзига яраша масъулияти бор. Aсосий мақсад –нафақат халқимиз онгида, балки жаҳон ҳамжамиятига Султон Жалолиддин Мангуберди қиёфасини намойиш этиш.

Ташкилий масалалар аллақачон ҳал бўлган. Лекин бир масала бизларни ўйлантирмоқда. Кўпгина олим ва адабиётшунослар билан маслаҳатлашиб кўрдим. Уларнинг кўпчилиги фақатгина шаклга эътибор қаратиш учун ҳаракат қилишаётгандек, назаримда. Мақсад бу эмас. Нега деганда, биз бугун саҳналаштирмоқчи бўлган ушбу фильм XIII аср кишиси учун яратилмайди. У бугунги томошабин қарашига мос бўлиши зарур.

Кўплар сценарийни кўрмасдан, олдимизга қандай мақсадни қўйганимизни билмасдан туриб, ҳар хил иғво гапларни қилиб юрибди. Бизни ҳеч ким четдан туриб танқид қилмайди, қилолмайди ҳам. Ўзимизни ўзимиз емирамиз, бу эса ёмон. Бир-биримизга кўмак бўлишимиз лозим
», деди Маданият вазири.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Жалолиддин Мангуберди» сериали турклар томонидан суратга олинишига изоҳ берилди