15:15 / 15.03.2021
6 728

Ирода, Шаҳзода, Феруза ва Жайрона актрисаларга бўладиган ножўя таклифлар ҳақида сўзлаб берди (видео)

Ирода, Шаҳзода, Феруза ва Жайрона актрисаларга бўладиган ножўя таклифлар ҳақида сўзлаб берди (видео)
Фото: «Дарё»
Ўзбек кино оламида фаолият юритаётган бир қанча актрисалар уларга нисбатан қандай ножўя таклифлар бўлгани ҳақида гапириб беришди.

«Ўртоғим йиғлаб чиққан, таклифлар бўлган»

- "Актрисани кастингга чақиришади, кирасиз, бошида ижодий савол-жавоб бўлади. Кейин мақсадга ўтиб, «Бир роль бор, бу сени кашф қиладиган роль», деб шу даражада гапириб беришадики, сиз у ролда яшай бошлайсиз. «Фақат бу ролни ўйнаш учун пулинг борми?» дейишади. Аввал продюсерларни реклама қилиб кўришади, у деб, бу деб охири мақсадга ўтиб, «Қизлигингга тегмайман, мен билан юрсанг бўлди», деган таклифни беришади. Бир нечта ўртоғимни ўзим кастингга олиб борганман. Аҳмоқ бўлган эканман. Кейин ўртоғим уларнинг олдидан йиғлаб чиқиб, «Агар санъат шу бўладиган бўлса, тупурдим», деб кетишган. У ўртоғим мен ҳақимда нима деб ўйлаган экан, деб ҳозиргача ўйлайман. Худога шукр, бунақа ножўя таклифлардан қутулганман", - дейди актриса Жайрона.

«Шундай йўллар билан чиққандан кўра, актриса бўлмаганим маъқул»

- "Санъатга кириб келган вақтларимда ножўя таклифлар бўлган. Ҳозир бирортасини ҳадди сиғмайди, ҳадди сиғадигани бўлса ёзиб, керак бўлса, менга ёзганларигача интернетга чиқариб юбораман. Шунақа мазмунда гапириб турган вақтда диктофонга ёзиб олиб бўлса ҳам тарқатаман. Аллоҳимга беҳисоб шукр, ҳозир ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди бунга.

Санъатга энди кириб келган вақтларимда шундай таклифлар бўлган. Мен нима учун етти йиллаб ўқиб, ҳар бир образ устида ишлаб, талабаликнинг қийинчиликларини кўриб, бир кунда учталаб автобусларда юриб, шунақа йўллар билан актриса бўлиб чиқаманми? Шундай йўллар билан чиққандан кўра, ҳеч қачон актриса бўлмас эдим
", - дейди актриса Феруза Норматова.

«Шу билан кинодан кўнглим совиб кетди»

- "У вақтларда фильмларнинг илк тақдимоти, яъни премьералар жуда ҳам дабдабали бўларди. Премьераларнинг бирида олдимга ўша вақтдаги кино раҳбарларидан бири келиб, «Иродахон, сизнинг мухлисингизман, сиз кўпроқ фильмларда чиқишингиз керак. Сизга ёрдам бераман, шу соҳада фалон креслода ўтираман», деди.

Эртаси кундан менга режиссёрлар телефон қилиб, «Расмларингизни олиб, синовларга келинг», дейишди. Фотосиновларга бориб, ҳаттоки ўтдим ҳам. Бир-икки кундан сўнг, ҳалиги одам кечқурун телефон қилиб, «Бир жойга келиб кетинг, Иродахон», деди. Нимагалигини сўрасам, «Сизни акаларим билан таништираман», деди. У одам улар билан гаров ўйнаган экан. Бормайман, деб қатъий айтганимдан сўнг, сенсирашга ўтиб, «Сен эртага кинода роль ижро этишингни ўйлаб кўргин, кинонинг остонасидан қадам босмайсан», деди. «Қўлингизда осмон бўлса, ташлаб юборинг», дедим. Қўлида кино бор экан, ташлаб юборди.

Эртаси куни фотосиновларидан ўтган режиссёрлар телефон қилиб, «Сизни бизга таклиф қилган одам запрет қилди, нима бўлди ўзи, тинчликми?», деб сўрашди. «Ҳаммаси жойида, запретлар мени қўрқитмайди», дедим.

Хуллас, вақтлар ўтиб у одамнинг ўзи ҳам раҳбарликдан кетди. Ундан кейин бир-иккита фильмларда суратга ҳам тушдим. Ўша вақтларда бир режиссёр мени янги бир лойиҳасига таклиф қилди. Фильм сценарийси айнан мен учун ёзилган эди. Ҳаммаси тайёр бўлиб, ролга киришиб, кийимлар тикилганидан сўнг «Ирода, бир ҳомий бор, у шу фильмга пул тикмоқчи, ҳаттоки тиккан пулини ҳам қайтариб олмас экан. Фақат у хоҳлаган қизни бош ролда ўйнатишим керак экан», деди. Ўзимни шу ролда тасаввур қилиб, шу ролда яшаганман. «Агар сен менинг ёнимда бўлсанг, менга ҳеч нима керак эмас, биз бу нарсаларни биргаликда енгиб ўтамиз», деди, «Шарт эмас, раҳмат, йўлингизда давом этинг», деб кетдим.

Шу билан кинодан кўнглим совиб кетди. Бу ҳамма режиссёрларга тегишли эмас. Мен ижодини ҳам, ўзини ҳам ҳурмат қилган режиссёрлар жуда ҳам кўп. Кетма-кет бўлган шунақа ҳолатлар кўнглимнинг совишига сабаб бўлди. Кейин кинодан ҳам узоқлашишга мажбур бўлдим
", - дейди журналист, актриса, хонанда Ирода Носирова.

«Ўзимга мустаҳкам бўлганман, ликиллаб кетмаганман»

- "Ҳеч қачон ножўя таклифлар бўлмаган. Онам билан юрганим учун, балки, ножўя таклиф қилишга қўрқишгандир. Сал эркаксифатроқ характерим бор, ўғил болага ўхшаган қизман, демоқчимасман. Қайсидир томондан чўрткесарлигим бор эди. Ўзимни ўзим ҳимоя қилиб кета олган қизман. Кимдир менга «Яхши қиз, танишсак бўладими?», деса, «вай» деб ликиллаб кетмаганман. Ўзимга мустаҳкам бўлганман. Онангиз, отангиз қўриқлаб юрса ҳам аёл киши ўзи хоҳласа, ким биландир юриб қўйиши мумкин. Ҳаммаси характерга, тарбияга боғлиқ", - дейди актриса, дизайнер, бошловчи Шаҳзода Муҳаммедова.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ирода, Шаҳзода, Феруза ва Жайрона актрисаларга бўладиган ножўя таклифлар ҳақида сўзлаб берди (видео)