23:16 / 15.05.2021
6 201

Қизиқарли сюжети билан томошабинни экран қаршисига «михлаб» қўядиган турк сериаллари


Турк киносаноатида бир-биридан қизиқ сюжетга эга, турли жанрда суратга олинган сериаллар қалашиб ётибди. Воқеалар ривожи бир-бирига ўхшамаган, шу билан бирга, ўзига хослиги билан томошабинлар меҳрини қозонган лойиҳалар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

«Тонг қуши»

Фото: Cosmopolitan
2018 йили экран юзини кўрган сериалда Санем исмли қиз молиявий аҳволини яхшилаш учун опаси ишлайдиган реклама агентлигига ишга киради. Очиқкўнгил, самимий қаҳрамон фаолият юритаётган агентлик раҳбарини яхши кўриб қолади. Бир-бирига кўнгил қўйган жуфтлик бир-биридан қизиқарли воқеаларни бошдан кечиради. Томошабинлар 51 қисм давом этадиган сериални кўриш давомида бахтга эришиш осон бўлмаслиги, кўп синовлар дуч келиши мумкинлигига амин бўлади.

«Тўлин ой»

Фото: Cosmopolitan
«Тонг қуши»даги ижроси билан томошабинлар қалбидан жой олган актёр Жан Яман мазкур сериалда ҳам бош қаҳрамонлардан бирини гавдалантиради. Энди ошпазликни бошлаган Нозли ва у ишлайдиган хонадон эгаси Ферит бир-бирига кўнгил қўяди. Жан Яман жонлантирган бош қаҳрамон ўта талабчан ва тартиб-қоидаларга амал қиладиган, қиз бўлса бунинг акси бўлади. Воқеалар ривожи қизнинг бола уйига ошпаз бўлиб ишга кирганидан кейин бошланади. Япон ресторанини очишни истайдиган қизнинг ҳаёти шахсий ошпаз бўлиб фаолият бошлаганидан кейин ўзгариб кетади.

«Тўқнашув»

Фото: Cosmopolitan
Сюжети тақдирдан қочиб қутилиб бўлмасликка ишора қиладиган мазкур сериалда тўрт нафар қаҳрамоннинг ҳаёти йўл транспорти ҳодисасига учрагандан кейин бир-бирига боғлиқ бўлиб қолади. Мазкур бахтсиз ҳодисада айбдор бўлган, эрининг хурмача қилиқларидан чарчаган банк ходими Зейнеп, унинг адвокати Жемре, теракт сабаб оиласини йўқотган полициячи Қодир ва эндигина қамоқдан чиқиб ҳаётини янгидан бошлашга қарор қилган Керем ўртасида нима алоқадорлик борлигини сериални томоша қилиш давомида билиб олишингиз мумкин.

«Қулупнай ифори»

Фото: Cosmopolitan
Мазкур сериални кўрган ҳар қайси томошабинда Туркияга таътил учун бориш истаги пайдо бўлади. Қизларга суяги йўқ бўлган Буракнинг ҳаёти оддий оиланинг фарзанди бўлган ва таниқли қандолатчи бўлишни истайдиган Асли билан учрашгандан кейин ўзгаради. Қиз ва бадавлат йигит кулгили вазиятлардан бирида танишади.

«Қанотсиз қушлар»

Фото: Cosmopolitan
Ушбу сериални томоша қилиш давомида она фарзандларининг бахти учун ҳамма нарсага тайёр бўлишини яна бир марта тушуниб етиш мумкин. «Қанотсиз қушлар»да ҳамма нарса — севги, нафрат, садоқат, хиёнат ва умид бор. Ундаги психологик ёндашув ва ёрқин келажакка бўлган ишончнинг мужассамлиги оддий нарсаларга ҳам бошқа кўз билан қараш, ҳатто чорасиз туйилган муаммоларга ҳам қўл силташга ундайди.

«Севги изтироби»

Фото: Cosmopolitan
Сценарий муаллифлари фантазиясининг чегара билмагани ва ажойиб севги қиссасини ўз ичига олган «Севги изтироби» Туркияда «Муҳташам юз йил»дан кейин иккинчи машҳур сериал саналади. Илк бор автобусда учрашган жуфтлик – бадавлат оиланинг рассомлик билан шуғулланадиган қизи Ниҳон ва оддий оиланинг фарзанди Камол ўртасида кейинчалик севги пайдо бўлади. Қаҳрамонлар бир қанча қийинчилик ва синовларни бошдан кечиради.

«Ҳаёт сирлари»

Фото: Cosmopolitan
Эътибор марказида ресторан бизнеси билан шуғулланадиган Кузгун оиласи бўлади. Томошабин асосий қаҳрамонларнинг муносабатларини кузатиш билан овора бўлган бир вақтда бошқа қаҳрамонларнинг сирлари очилиб, воқеалар ривожи янада қизиқарли тус ола бошлайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Қизиқарли сюжети билан томошабинни экран қаршисига «михлаб» қўядиган турк сериаллари