22:25 / 13.02.2022
2 783

Марям Узерлининг карьераси ва шахсий ҳаёти ҳақида нималарни биламиз?

Марям Узерлининг карьераси ва шахсий ҳаёти ҳақида нималарни биламиз?
Машҳур турк актрисаси Марям Узерли шахсий ҳаёти ҳақида гапиришни ёқтирмайди, шунинг учун ҳам у ҳақидаги янгиликларнинг кўпи миш-миш, холос.

Фото: Turk Cinema
Актриса Марям Узерлининг таржимаи ҳоли:
Тўлиқ исми: Марям Саҳра Узерли
Туғилган санаси: 1983 йил 12 август (38 ёш)
Туғилган жойи: Кассел, Гессен, Германия
Фарзандлари: Лара Жемине Узерли, Лили Кои
Бўйи: 173 см
Вазни: 60 кг
Буржи: Арслон
Марям Узерли иштирокидаги энг яхши фильм ва сериаллар: «Асалари уяси» (2019), «Нариги томон» (2017), «Оналик дарди (2015), «Тун маликаси» (2016), «Мафия дунёни бошқара олмайди» (2016–2021), «Муҳташам юз йил» (2011–2013).

Марям Узерли — немисми ёки турк?
Бўлажак юлдуз Марям Узерли кўп миллатли катта оилада туғилган: унинг онаси немис ва отаси турк миллатига мансуб бўлиб, улар икки қиз ва икки ўғилнинг ота-онаси бўлган. Марям интервьюларининг бирида хушманзара боғли уйда кечган болалиги ҳақида гапириб беради. Қизчанинг болалиги эркин ва бахтли ўтган: аҳил оила, қувноқ ва меҳрибон ота-она, уй ҳайвонлари ... Албатта, Марям Узерлининг ота-онаси ҳам ҳамма каби баъзида жанжаллашарди, онаси ҳамиша авторитар характерга эга эди. Марямнинг эслашича, бундай ҳолатларда отаси одатий шарқ эркакларига ўхшаб йўл тутмасди: у ўз вақтида қандай ён беришни биларди, шу боис ҳам жанжал авж олишига улгурмасдан тугарди.

Фото: Turk Cinema
Камсуқумгина одамови қиз
Болалигидан Марям табиатан камгаплиги, ҳатто одамовилиги билан ажралиб турарди. Қиз узоқ вақт ёлғиз қолиши мумкин эди: унга ўзи билан ўзи қолиш ёқарди. Унинг характери киришимлиликни талаб қилса-да, ёш Марям актрисаликни орзу қила бошлади. Бу борада ота-онаси уни қўллаб-қувватлади ва мактабни тугатгач, қиз драма курсларига қатнай бошлади. Оила Гамбургда яшагани учун ҳам Марям ўзини турк эмас, немис деб ҳисоблаган, лекин уйларида доимо икки тилда гаплашишган. Қизиғи шундаки, ўшанда ҳам унинг ёрқин гўзаллиги ҳамманинг эътиборини тортар, гарчи у барча кастингларда қунт билан қатнашса ҳам, лекин негадир немис режиссёрлари қизга аҳамият беришмасди. Театрда Узерлига қандайдир роллар бериларди, баъзида омади чопиб, қисқа метражли фильмларда суратга тушарди, лекин Марям орзу қилган нарса бу эмас эди.

Германияда эътибор берилмаган актрисанинг Туркияда омади чопди
Актриса Марям Узерлининг карьерасидаги туб бурилиш 28 ёшида, 2011 йилда содир бўлди. Туркияда катта миқёсдаги лойиҳага тайёргарлик кетаётганди: «Муҳташам юз йил» фильмини суратга олиш ишлари бошланиш арафасида, лекин бош қаҳрамон ҳали ҳам йўқ эди. Продюсерлар умидларини узай деб қолганди: улар бутун Туркияни ағдар-тўнтар қилиб ҳам ҳеч қаердан Роксолана ролига мос қиз топишолмади! Яхшиямки, ўша пайтда Марям фақат Германиядаги кастинглар билан чекланмай, Туркияда ҳам омадини синаб кўргани келганди. Киносиновда иродалилиги юзидан кўриниб турган гўзал қизни кўриб, фильм ижодкорлари ҳайратда қолди: мана, ўша Роксолана!

Фото: Turk Cinema
Марям Узерли иштирокидаги «Муҳташам юз йил» — даврни ўзгартира олган сериал
Сериалда инқилоб қилган Марям Узерли иштирокидаги «Муҳташам юз йил» даври шундай бошланди. Ва бу баландпарвоз сўзлар эмасди. Аввало, «Муҳташам юз йил» турк сериалларига катта қизиқиш уйғотган бўлса, ҳозирда бу жанрда ҳақиқий ривожланишни кузатиш мумкин. Иккинчидан, ушбу кенг кўламли лойиҳада иштирок этган барча актёрлар суперюлдузга айланишди.

Биринчи навбатда, бу, албатта, актриса Марям Узерлига тегишли. У ўз қаҳрамонининг феъл-атвори ва ҳис-туйғуларини аниқ етказа олди — кучли ва мағрур Роксолана турк султонининг ҳарамида бўлиб, ҳукмдорнинг қалбини забт этишга муваффақ бўлди. Аёл султонни ва унинг қўл остидагиларини моҳирлик билан бошқарди, унинг қўлида юзлаб иплар бўлиб, керакли вақтда тортишни биларди.

Сериал экранларга чиққандан сўнг Марям Узерли ҳамманинг севимли актрисаси ва гўзаллик мезонига айланганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Тўғри, турк мусулмонлари қизни ҳаддан ташқари эркин хатти-ҳаракати учун қоралади. Аммо унинг томирларида немис қони ҳам бор, шу боис бундай эътирозлар ўринсиз эди.

Фото: Turk Cinema
Қандай қилиб «Муҳташам юз йил» Марям Узерлини асабий тушкунликка олиб келди?
«Муҳташам юз йил» фильмида рол ўйнашга рози бўлган Марям Узерли қандай машаққатли меҳнат гирдобига тушиб қолишини ўйлаб ҳам кўрмаганди. Албатта, бу иш унга катта завқ бағишлади, лекин суратга олиш жараёни шунчалик узоқ давом этдики, шунчалик кўп вақт ва куч сарфландики, бир мунча вақт ўтгач, турк актрисаси ўзини суви сиқилган лимондек ҳис қила бошлади. Кейинчалик Марям бу ҳақда шундай дейди: тиғиз кун тартиби ва юқори талаблар уни ҳиссий чарчоққа ва асабий тушкунликка олиб келди. Натижада у уйига Германияга қочиб кетди. Ватан соғинчига чидаб бўлмасди. Уйида у қўллаб-қувватлаш ва ёрдамлардан сўнг ҳаёт завқини яна ҳис қилиб, ўзини тутиб олишга муваффақ бўлди.

Марям Узерли «Муҳташам юз йил» сериали сабаб юлдузлик касалига чалиндими?
Туркияда эса бош қаҳрамоннинг кетиб қолиши ғазаб бўронини келтириб чиқарди. Продюсерлар ҳатто таҳдид ҳам қилишди: энди Марям Узерли ишсиз қолади! Уни тушунишни истамай юлдузлик касалига чалинганликда айблашди: актриса шунчаки ҳолдан тойган эди. Бироқ сериал ижодкорларининг суратга олиш ишларини усиз якунлашдан бошқа иложи қолмади. Дўқ-пўписаларга қарамай, Марямни сериалга таклиф қилиш тўхтамади.

Актриса Марям Узерли ҳақидаги сохта севги қиссаси
Марям Узерли ҳеч қачон шахсий ҳаёти ҳақида гапирмаган. Бироқ мухлисларида ҳар доим у ҳақда гапириш учун мавзу етарлича бўлган. «Муҳташам юз йил»да икки актёр — Узерли ва Ҳалит Эргенчнинг истеъдодли ижроси барчани улар ўртасидаги романтика ҳақида миш-миш тарқалишига сабаб бўлди. Агар чиндан ҳам севмаса, кўзлар эҳтиросдан бунчалик ёнмайди-ку! Аммо бу гап ёлғон бўлиб чиқди. Ҳалит Эргенчнинг сўзларига кўра, ҳар доим фақат хотинини севган ва у ҳеч қачон рафиқасига хиёнат қилмаган.

Фото: Turk Cinema
Ўзан Гувен — ноз-карашмами ёки жиддий муносабатлар?
Суратга олиш жараёнида эса бетакрор гўзалнинг қалбини бошқа бир одам — Ўзан Гувен банд қилди. Турк актрисаси тан олганидек, у фақат шу актёр билан бўлган севги саҳналаридагина мутлақо эркинликни ҳис қилган. Уларнинг муносабатлари суратга олиш ишлари тугаганидан кейин ҳам давом этганми? Бу ҳақда ҳеч нарса маълум эмас.

Жан Атеш — Марям Узерли қизининг отаси

Фото: Turk Cinema
Кейин Марямнинг ҳаётида Жан Атеш исмли тадбиркор пайдо бўлди. Бу ажойиб жуфтлик ҳамма жойда биргаликда кўриниш бера бошлади, яқин орада тўй бўлиши ҳақида миш-мишлар тарқалди. Бироқ ораларида бўлиб ўтган жиддий жанжалдан кейин севишганлар ажралишди. Айнан ўша пайтда Марям ҳамма нарсани ташлаб, ватанига, Германияга кетди. Бир неча ой ўтгачгина унинг ҳомиладорлиги маълум бўлди. Актриса дунёга келган қизига Лара деб исм қўйди. Бу йил қизча 7 ёшга тўлди, у Германияда яшайди. Унинг отаси, Марям Узерлининг собиқ эри Жан Атеш қизининг олдига келиб туради, лекин актриса хоҳлаганидек кўп вақт ажрата олмайди.

Алп Ўзжан — биргаликдаги таътил
Лара туғилганидан бери Марям унинг юраги банд эмаслигини такрорлашдан ҳеч қачон такрорлашдан чарчамайди. Аммо Узерлининг шахсий ҳаёти тафсилотларини мухлислар ва журналистлардан яшириш қийин. 2016 йилда Марямнинг Алп Ўзжан исмли турк тадбиркори билан ишқий муносабатлари ҳақида миш-мишлар тарқалди. Улар кичкина Ларани ўзлари билан олиб, таътилни биргаликда ўтказиш учун Францияга жўнаб кетишди, гўё уларнинг муносабатлари жиддий эди. Бироқ бу муносабатлар ҳам узоққа бормади.

Фото: Turk Cinema
Чағлар Эртуғрул Марямни деб қайлиғини ташлаб кетган
Кейинчалик Марям Узерли туркиялик актёр Чағлар Эртуғрул билан учраша бошлади. Улар Хорватияда суратга олиш пайтида танишиб қолишган, миш-мишларга кўра, ёш актёр Марямнинг жозибасига шунчалик мафтун бўлганки, ҳатто қайлиғидан воз кечишгача борган. Аммо бу ҳақда ҳам кўп нарса маълум эмас.

Иккинчи қизи ва Марям Узерлининг америкалик севгилиси
2020 йил кузда Марям ҳомиладорликнинг тўртинчи ойида эканлигини эълон қилди. Турк актрисаси ҳанузгача шахсий ҳаётини оммадан яширади, аммо мухлислари унинг севгилиси — америкалик бизнесмен эканидан хабар топишди. У хизмат сафарлари туфайли Берлинга тез-тез келиб турган ва актриса билан шу ерда танишган. 2021 йил январь ойида жуфтликнинг Лили Кои исмли қизи дунёга келди. Миш-мишларга кўра, жуфтлик аллақачон тўй ҳақида келишиб олган, фақат коронавирус чекловлари тугашини кутишмоқда.

Фото: Turk Cinema

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Марям Узерлининг карьераси ва шахсий ҳаёти ҳақида нималарни биламиз?