19:06 / 28.04.2022
1 276

Роналдунинг ишини “Рома”нинг икки ҳужумчиси бажаради!

Роналдунинг ишини “Рома”нинг икки ҳужумчиси бажаради!
“Манчестер Юнайтед”даги бош мураббийлик фаолиятига расмай мавсум якунланиши билан киришадиган Эрик тен Хаг ҳозирдан ўзига керакли ўйинчиларни танлай бошлади.

Тен Хаг ҳужум чизиғига янги ўйинчиларни олиб келмоқчи. Айни пайтда манчестерликларнинг асосий тўпурари бўлиб турган Криштиану Роналдунинг нидерландиялик мутахассис қўл остида ўйнаши сўроқ остида турибди. Тен Хаг португалиялик юлдуз унинг тактик схемалари ва футболчиларга қўядиган талабларига мос эмаслигини айтган.

Daily Express нашрининг хабар беришича, нидерландиялик мутахассис ўз жамоасида “Рома” ҳужумчиси Николо Дзаньолони кўрмоқчи. Эрик тен Хаг 22 ёшли футболчига шахсан ўзи қизиқмоқда.

Рим клуби раҳбарияти ҳам клуб билан амалдаги шартномани узайтиришга шошилмаётган Дзаньолонинг нархи тушиб кетмасидан уни ёзда сотиб юборишга қарши эмас. Римликлар Николони 50-60 миллион евро атрофидаги маблағ эвазига қўйиб юборишга тайёр.

Дзаньолога А Сериянинг ўзидан “Ювентус” жиддий қизиқиш билдирмоқда ва уни ёзда клубдан кетадиган Пауло Дибаланинг ўрнига олиб келмоқчи. Бундан ташқари, Николо Англиянинг бир неча клублари нишонида турибди.

Таъкидлаш лозимки, манчестерликлар “Рома”нинг асосий тўпурари Тэмми Абрахамни ҳам ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда. Улар англиялик ҳужумчини премьер-лигага қайтариш учун “Арсенал” билан рақобатлашишга тайёр.

“Канонирлар” яқинда 24 ёшли тўпурар учун 60 миллион евро тўлашга тайёр эканини билдирганди.

Бироқ, “бўрилар” ўз етакчисининг нархи 80 миллион евродан бошланишини уқтирди. “Манчестер Юнайтед” мутасаддилари таркибни тубдан янгилашни режалаштираётган бир пайтда Тэмми Абрахам учун сўралаётган суммани тўлашга қарши эмас.

Агар бу трансферлар амалга ошса, “Манчестер Юнайтед”нинг асосий ҳужум кучини Абрахам ва Дзаньоло тандеми ташкил қилади.

Абрахам мақсадини айтди

“Рома” ҳужумчиси Тэмми Абрахам ўзига Англия премьер-лигаси клублари – “Арсенал” ва “Манчестер Юнайтед”дан бўлаётган қизиқишларга муносабат билдирди.

- Мен Англияда улғайганман. Табиийки, менинг келажагимни инглиз клублари билан боғлашади. Бу одатий ҳол. Ҳозир бор эътиборимни “Рома” ва унинг муваффақиятга эришишига қаратганман. Ҳозир Конференциялар лигасида “Лестер” тўсиғидан ўтиш ҳақида ўйлаяпман, - деди Тэмми Абрахам.

“Рома” 24 ёшли тўпурарни ҳам сотиб юборишга қарши эмас. Римликлар бу трансферни 80 миллион еврога баҳоламоқда.

Агар пойтахт клуби мавсум якунланганидан кейин ҳам Абрахамни Римда олиб қоладиган бўлса, “Челси” келаси йили уни илиб кетиши мумкин. Чунки ўртадаги келишувга кўра, “арситократлар” ўз тарбияланувчисини 2023 йилнинг ёзида биринчи бўлиб 80 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқига эга.

“Рома” нархни туширмоқчи

“Рома” раҳбарияти ёзда “Астон Вилла” ярим ҳимоячиси Дуглас Луисни ўз сафига қўшиб олмоқчи. Англия клуби бир йиллик шартномаси бор бразилиялик чарм тўп устаси трансфери учун 30 миллион евро талаб қилмоқда.

Римликлар Премьер-лига вакилларини 23 ёшли ўйинчини арзонроқ нархга қўйиб юборишга кўндиришга ҳаракат қиляпти.

Дуглас Луис “Васко де Гамма” тарбияланувчиси ҳисобланади. Истеъдодли футболчи 2017 йили “Манчестер Сити”га 12 миллион евро эвазига трансфер қилинган. Дуглас “шаҳарликлар”нинг асосий таркибига кира олмагани учун икки мавсум Испания вакили “Жирона”да ижарада ўйнади.

2019 йили “Астон Вилла” Дуглас Луисни 16,8 миллион евро эвазига ўз сафига қўшиб олди. Дуглас жорий мавсумда 29 маротаба майдонга тушиб, битта гол ва учта голли пас муаллифи бўлди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Роналдунинг ишини “Рома”нинг икки ҳужумчиси бажаради!