Италия чемпионатининг тўққизинчи турида “Кальяри” ўзи каби аутсайдерлар бири “Салернитана” меҳмони бўлди.
Юқори дивизионда қолиш учун курашаётган ҳар икки жамоанинг ўзаро тўқнашуви қизғин ва муросасиз курашлар остида ўтди. Голлар ўйин охирларида киритилди. “Кальяри” 79-дақиқада Зито Лувумбонинг голидан сўнг, ҳисобни очди. 86-дақиқада Булайе Диа вазиятни тенглаштирли.
84-дақиқада захирадан ўйинга қўшилган Элдор Шомуродов майдонга тушганидан тўрт дақиқа ўтиб жамоасининг иккинчи голига ассистентлик қилди. Ўзбек легионерининг супер зарбасини Николас Виола дарвоза тўрига жойлади.
Элдор Шомуродовнинг А Сериядаги сўнгги голи ўтган мавсумда айнан “Салернитана”га қарши ўтказилган учрашувда киритилган. Ўшанда “Специя” сафида ўйнаган Шомуродов рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасига бир очко олиб берганди.
Бироқ сардинияликларга мавсумдаги илк ғалабасини нишонлаш насиб қилмади. Учрашув қаҳрамони бўлиб турган Николас Виола ўз жарима майдончаси ичида қўли билан ўйнади. Пенальтини Диа бехато бажариб, мезбонларни мағлубиятдан қутқариб қолди.
Италия футболини ёритиб келаётганwww.tuttocagliari.net сайти экспертлари “Каляьри” жамоаси ўйинчилари ҳаракатини қуйидагича баҳолади.
Скаффет 6 – Ўйиннинг биринчи қисмида “Кальяри” дарвозабонига иш топилмади. Бироқ беллашувнинг охирида иккита тўп ўтказиб юборди.
Нандез 6 – Ўнг қанот ҳимоячиси сифатида жуда яхши ўйнади. У рақибдан тўпни олиб қўйиш ва шерикларига тўп узатишда яхши ҳаракат қилди.
Дзаппа 6 – Нандесни ўрнига майдонга тушган Дзаппа кўп вазиятларда аниқ ўйнай олмаган бўлса-да, кўпинча жамоага фойда келтирди.
Голданига 6 – Маълум муддатдан кейин асосий таркибга қайтган футболчи ўзини кўрсатишга ва бехато ўйнашга эътибор қаратди.
Доссена 6,5 – Ҳимояни мустаҳкам ушлаб турди. Рақибнинг голлари Доссена ўрнини Обертга бўшатиб берганидан сўнг юзага келди.
Оберт 4,5 – “Салернитана” биринчи марта ҳисобни тенглаштирганида рақибга ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади.
Аужелло 6 – Ҳимояга қараганда ҳужумда эркинроқ тўп тепди. Рақиб ҳужумчилари уни анча қийнаб қўйди.
Дейола 6,5 – Жамоа учун кўп тер тўкди. Биринчи бўлимда хавфли ҳужум ташкил қилди.
Прати 6,5 — Бу ўйинчи майдон марказидаги устунликни таъминлаб беришга ҳаракат қилди. Узоқ масофадан зарба беришга эътибор қаратди.
Макумбу 6 – Бўш ҳудудларни очиш ва жамоадошларига аниқ паслар узатиш борасида ўзини кўрсатди. Ўйин охиридаги хато жамоага қимматга тушиши мумкин эди.
Манкосу 6,5 – Олдинги чизиқда анча фаол ўйнади. Унинг иштирокидаги гол ўйиндан ташқари ҳолат туфайли инобатга олинмади.
Виола 7 – Иккинчи бўлимнинг илк дақиқасида майдонга туширилган футболчи ҳужумни кучайтирди ва гол урди. Ўйин қаҳрамони сўнгги дақиқаларда пенальтига сабабчи бўлиб қолди.
Ористанио 6 – Ҳар галгидек жуда фаол ўйнади. Ҳужум ташкил қилишда жонбозлик кўрсатди.
Янкто 6,5 – 63-дақиқадан ўйинга яхши қўшилди. Биринчи голда Лувумбога аниқ пас узатди.
Лувумбо 7 — Рақиблар бу ҳужумчини тўхтатишга қийналяпти. Бу гал ҳам айнан Зито голлар ҳисобини очиб берди. 84-дақиқада ўрнини Элдор Шомуродовга бўшатди.
Шомуродов 6,5 – Ўйинга жуда фаол киришди. Жамоасининг иккинчи голида Виолага жуда қулай пас узатди. Унинг ассисти жамоани ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Раньери 6,5 – “Салернитана”га қарши ўйинда Раньери шогирдлари бутун учрашув давомида устунлик қилди. Бироқ бу илк ғалабани нишонлашга камлик қилди.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг