08:23 / 25.01.2024
771

Осиё кубогида ўйнаётган футболчимизга машҳур клубдан қизиқиш бўляпти

Осиё кубогида ўйнаётган футболчимизга машҳур клубдан қизиқиш бўляпти

Қатардаги Осиё кубогида Сречко Катанец бош мураббийлик қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси муваффақиятли иштирок этмоқда.

Футболчиларимиз “В” гуруҳида Ҳиндистон устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди, Сурияга қарши баҳсда ўйинда ҳисоб очилмаган бўлса, Австралия терма жамоалари билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган ҳолда беш очко жамғариб, плей-офф босқичига йўлланма олди.

Нуфузли мусобақада терма жамоамиз ҳимоячилари ишончли ўйин кўрсатмоқда ва учта учрашувда атиги битта гол ўтказилди. У ҳам бўлса, ҳакам томонидан белгиланган шубҳали пенальтидан киритилди.

Терма жамоамизнинг етакчи ҳимоячиларидан Рустам Ашурматовга Озарбайжоннинг энг машҳур клуби “Нефтчи”дан қизиқиш бўлаётгани ҳақида маълумотлар тарқатилмоқда.

Маълумотларга қараганда, бокуликлар ишончли ўйнай оладиган марказий ҳимоячи қидирмоқда ва ану шу мақсадда Осиё кубогида қатнашаётган Рустам Ашурматовнинг ҳаракатларини синчковлик билан кузатмоқда.

Манбаларга кўра, “Нефтчи”нинг асосий ҳимоячиси Марк Тамаш катта эҳтимол билан ёзда жамоани тарк этади. Венгриялик легионер Туркиянинг “Адана Демирспор” клуби билан келишувга эришган ва турк Суперлигасига кўчиб ўтишга қарор қилган.

Озарбайжонликларнинг айнан Рустам Ашурматовга қизиқиш билдираётганига ўзига яраша сабаблар бор. Футболчимизнинг профессионал маҳоратидан ташқари терма жамоа ўйинчиси экани ҳам “Нефтчи” раҳбарияти эътиборини тортяпти.

Агар “Нефтчи” ўз сафига терма жамоада мунтазам ўйнаб келаётган футболчини трансфер қиладиган бўлса, Озарбайжон футбол федерациясига 30 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўловдан озод қилинади.

Таъкидлаш жоизки, Рустам Ашурматов айни пайтда Россия Премьер-лигасида “Рубин” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Бир йилдан бери Қозон шаҳри клубида тўп тепаётган  легионеримиз мавсумнинг биринчи қисмида барча мусобақаларда 13 та учрашув ўтказиб, битта гол уришга эришди.

Ашурматов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида жами 31 та ўйинда қатнашган. Қатардаги Осиё кубогининг гуруҳ баҳсларида Сурия ва Астралия билан бўлган беллашувларда тўлиқ ҳаракат қилди.

Рустам асли “Бунёдкор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Ўзбекистонда “Қўқон-1912” ва “Навбаҳор” жамоаларида ҳам тўп тепган. Орада бир неча йил Жанубий Кореяда “Кванджу” ҳамда “Канвон” клубларида ўйнади.

Легионеримизнинг “Рубин” билан тузган шартномаси 2026 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади. 27 ёшли ҳимоячининг трансфери 700 минг еврога баҳоланмоқда.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё кубогида ўйнаётган футболчимизга машҳур клубдан қизиқиш бўляпти