09:09 / 18.04.2024
1 023

“Элдорда бунақасини кўрмагандик”. Раньери Шомуродов ҳақида яна нималар деди?

“Элдорда бунақасини кўрмагандик”. Раньери Шомуродов ҳақида яна нималар деди?
А Серияда қолиш учун курашаётган “Кальяри” 19 апрель куни муҳим учрашувлардан бирини ўтказади. Клаудио Раньери шогирдлари Сардинияда “Ювентус”ни қабул қилади.

“Кальяри” ўтган турда мусобақа пешқадами “Интер” майдонидан дуранг ўйнаб қайтганидан кейин мухлислар Турин суперклубига қарши бўладиган учрашувда ҳам ижобий натижа кутмоқда.

Клаудио Раньери “Ювентус” билан бўладиган ўйинга бағишланган матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

- “Ювентус” энг ноқулай рақиб, деган фикрга қўшиласизми?
- Бу жамоанинг мураббийи ҳам, ўйинчилари ҳам нима қилишни яхши билади. Улар рақиб дарвозасига йўл топишни ва ўзлари мустаҳкам ҳимояланишни яхши ўзлаштирган. Бу борада Европада улардан зўри йўқ. Биз уларнинг кучини яхши биламиз. Курашиш учун диққатли бўлишимиз ва охиригача ҳаракат қилишимиз керак.

- Минанинг аҳволи қандай?
- Бу футболчи ҳимояни анча мустаҳкамлади. Мина ўзини жуда яхши ҳис қилмаётган бўлса-да, қатъият билан жамоага ёрдам беришга тайёр. Мен ҳам уни майдонга тушириш истагидаман.

- “Интер”га қарши ўйнаган футболчиларни қандай руҳлантирдингиз?
- Мен уларнинг барчасини чуқур билмаслигим мумкин, лекин машғулотларда нима билан машғул эканликларини кўриб тураман. Энг муҳими, улар менда ҳеч қандай чеклов йўқлигини билишади ва ким яхши шуғулланса, майдонга тушади. Албатта, бунда рақиб қандай жамоа эканига ҳам эътибор қаратамиз. Шогирдларим мени ва талабларимни яхши билади.

- Лига қолиш учун очколар чегараси қандай?
- Ўйлашимча, 35-36 очко жамғарилса, хавф бироз пасаяди. А Серия мураккаб чемпионат. Лекин унга қайтиш бундан ҳам оғир. Шу боис ҳам қолиш учун курашаётган жамоалар ўртасида рақобат ўта кучли. Ҳамма мақсадига етишиш илинжида. Биз диққатимизни жамлаб, бирдам бўлиб ўйнашимиз керак.

- “Сан-Сиро”даги натижадан қониқдингизми?
- Энг муҳими, қониқиш ҳосил қиладиган натижа бўлди. Бошланғич таркибни кўрганингизда менга саволлар кўпайиб кетгани аниқ. Мен борини берадиган футболчиларни танладим. Мураббийда ўз танловига ишонч бўлиши керак. Булардан ташқари, мен фақат Ди Пардога уни бошланғич таркибда туширишимни айтгандим ва у жуда зўр ўйнаб берди.

- “Интер” билан ўйин бўлажак учрашувга таркиб танлашда инобатга олинадими?
- Буни кўрамиз. Менинг назаримда ким менга яхши натижа келтиришга тайёр бўлса, ўша ўйнайди.

- Элдор Шомуродовга нималар бўляпти?
- Мен ижобий натижа ва фойда келтириши мумкин бўлган футболчиларни майдонга тушираман. Шомуродов “Кальяри”га бироз тушкун ҳолатда келганди. “Женоа”даги ёрқин мавсумидан кейин “Рома”га йўл олди. У ерда мунтазам ўйнай олмади. Кейин “Специя”га ўтди ва бу жамоада озроқ бўшашиб қолди.

“Кальяри”га келганида Шомуродов мен ўзини ишга 100 фоиз бағишлаганларни қадрлашимни тушунди. Ўйнаши учун бор кучини бериши кераклигини билди. Элдор ҳаммасини ўзгартириб, энди формасини тиклаб, энг юқори даражасига чиққан паллада жароҳат олди ва қимматли вақтини йўқотди.

Шомуродов сифатли футболчи ва аниқ мақсади бор. У сафга қайтганидан кейин ҳали биз кўрмаган хусусиятларини намойиш қилмоқда.

- Ўйинчиларга қандай талаб қўйилган?
- Жамоа ёмон ўйнаши мумкин, лекин майдонда кейинчалик афсусланмаслик учун ҳамма борини бериши керак. Мен ўйинчи сифатида феномен бўлмаганман, лекин майдондан бор кучимни сарфлардим. Шогирдларимдан ҳам 100 фоизлик иштиёқни талаб қиламан.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Элдорда бунақасини кўрмагандик”. Раньери Шомуродов ҳақида яна нималар деди?