Фото: Getty images
Ламин топ даражадаги футболчи бўлишига шубҳа йўқ. Аммо айтайлик, Роббен, Ўзил, Гризманн, Маҳрез, Ди Мария каби шунчаки топ-юлдуз бўладими ёки кўпчилик кутаётгандек Роналду, Месси, Неймар, Роналдиньо, Зидан, Мбаппе каби юлдузлардан ҳам бир бош юқори бўлган гуруҳга қўшила оладими? Нима халақит бериши мумкин? Қуйида Ямалга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган бир неча омилларни кўриб чиқамиз. Уларни енгиш орқали Ламин Ямал биз кутган даражага чиқа олиши мумкин.
1. Жароҳатлар
Жароҳатлар футболнинг бир қисми, футболчилик фаолиятида буни четлаб ўтишнинг иложи йўқ. Аммо Ямалнинг ёшидаги футболчи учун жисмонан ўсиши керак бўлган вазиятда жароҳатланишнинг салбий оқибатлари кўпроқ бўлади. Ямалдан олдин ёш бўйича кўплаб рекордларни забт этган Ансу Фатининг фаолияти бунга яққол мисол.
Футболчи 17 ёшида йилига 60 ўйинда асосий таркибда ўйнамаслиги керак. Албатта, мураббийлар ҳам буни яхши билади. Аммо Ямал шунчаки ёш футболчи эмас, юлдузлик мақомига эришиб бўлгани унга ўлчовли дақиқалар тақдим этилишида халақит бериши турган гап. Натижалар босими остида етакчи футболчини захирада ушлаб ўтириш осон эмас. Иккинчидан, «Барселона» ўнг қанотга юқори даражадаги футболчини олиб келиши ҳам энди қийин. Табиийки, Ямалнинг борлигини билган футболчи жамоада биринчи танлов бўлиши қийинлиги, асосий фигура бўлмаслигини сезгач, «Барселона»га келишни истамаслиги мумкин. Оқибатда, ўз-ўзидан Ямал «Барселона» ўнг қаноти учун биринчи, балким ягона юқори савиядаги футболчига айланиб қолади. Бу ҳолатда режали равишда ундан фойдаланишни чеклаш деярли имконсиз.
Ортиқча юкламалар, Ямалнинг ўйин услуби ҳам ҳимоячиларнинг қоида бузишига мажбур қилиши ва бошқа омиллар унинг жароҳатланиш эҳтимолини оширади.
2. Характер
Европа чемпионати пайтида Ямалнинг бизга маълум бўлмаган баъзи қирралари очилди. Дастлаб Франция билан ўйиндан сўнг, Рабиога нисбатан. Франциялик яримҳимоячи яримфинал олдидан жамоа Ямалга ўзини қулай ҳис қилишга йўл қўймаслигини, агар у финалга чиқишни истаса, одатдагидан бошқачароқ ўйнаши кераклигини айтганди. Аслида бу хафа қиладиган гап эмас, аксинча, рақиб жамоаси ичида айнан Ямалнинг тилга олингани қайсидир маънода эътироф ҳам. Ямал аввалига жавоб тариқасида ижтимоий тармоқда машҳур иқтибосни келтирди: «Сокин ҳолатда ҳаракатланинг ва қачонки “шоҳ ва мот” дейиш фурсати келгандагина гапиринг».
Ўйин тугагач эса, камерага қарата «энди гапир, энди гапир» деб бақира бошлади. Бу сўзлар кимга қаратилганини ҳамма тушунган ва табиийки, бу ҳаракат Ямални яхши томондан намоён қилмасди.
Ўша куни унинг яна бир ҳаракати ижтимоий тармоқларда тарқалди. Футболчи микс-зонага кирар экан, қўлида «тошбақа-нинза» ниқобини ушлаб олганди. Кейин жамоа ходимларидан бири ниқобни Ямалнинг қўлидан олгани ҳам кўринди. Албатта, Ямал қўлида ўша ниқоб билан интервью бериши хунук кўринган бўларди. Кейинчалик, видеонинг бошида ниқобни Ямалнинг қўлига йўлда учраган журналистлардан бири бергани ҳам кўринган. Аслида, футболчининг ўзи ниқобни ходимга бериб юборганини ҳам айтмоқчи бўлишди, аммо Рабио билан бўлган воқеадан хулоса чиқарилса, ростдан ҳам Ламин Ямалда бироз ярашмайдиган характер борлигини тахмин қилиш мумкин.
Бундан ташқари, Ямалнинг ота-онаси африкалик экани бераҳм фанатлар оламида худди Винисиус Жуниорда бўлгани каби, қўшимча салбий фон яратиши мумкин. Албатта, Винисиусдан фарқли равишда Ямал Испания миллий жамоаси футболчиси экани муҳим рол ўйнайди, аммо барибир, бундай хавф ҳам мавжудлигича қолади. Турли танқидлар ёки ҳақоратлар остида Ямалнинг ўзини қандай тутиши жуда муҳим нуқта.
Албатта, футболчи ҳали энди ўн етти ёшга ўтганини ҳам инобатга олиш лозим. Ва футболчининг атрофида унга тўғри йўлни кўрсатадиган ва фойдасиз ҳаракатлардан тиядиганлар бўлишидан умид қиламиз.
3. Қанотдан марказга ўтиш
Агар мана шу паллада ҳам сифатни туширмаса, бемалол унга ёрқин келажак тахмин қилишимиз мумкин. Месси 2008 йилгача дунёнинг энг яхшиларидан бири бўлганди, аммо қачонки, Гвардиола ўша машҳур классикода (6:2) биринчи марта марказга тушириб, шундан буён биз билган Мессининг пайдо бўлишига замин яратгач, футбол тарихи ўзгариб кетди.
Криштиану ҳам Манчестердаги дастлабки йилларида соф вингер сифатида ҳаракат қилган. Фергюсон кейинчалик ўз китобида ёзишича, Криштианунинг тўлиқ салоҳиятини намойиш қилиш учун у марказдан ҳам хавф солиши лозимлиги, шундагина унинг голлари сони ошиши ҳақида билишган ва шу йўналишда трансформация амалга оширилган. Дастлабки уч мавсумда Роналду 31 гол урган. Рууд ван Нистелрой кетиб, Роналду марказга ихтисослашишни бошлагач, кейинги уч йилда унинг голлари сони 89 тани ташкил қилди. «Реал»га ўтгач, бу ўзгариш янада сезилди, Роналду бошланғич схемада чап қанотда бошласа-да, унинг асосий қуроли айнан марказ бўлганди.
Футболчи ҳар қанча истеъдодли бўлмасин, қанотда унинг таъсири чекланади. Рақиб жамоа алоҳида эътибор бериб, ўйиндан чиқариш вазифаси осонлашади. Футболчи юксалган сари, эътибор кўпайган сари, қаршилик ошиб, қанотда ўйнаш тобора қийинлашиб бораверади. Марказда ўйнаш эса, рақибга қийинчилик туғдиришидан ташқари, футболчининг ўзига жуда кўп қўшимча қобилиятлар керак бўлиши, энди фақат оёқни эмас, мияни, кўзни ривожлантириши лозим бўлади. Бутунлай бошқа даража.
Ямал вингер сифатида ҳам юксак чўққиларни забт этиши, замонасининг энг яхши футболчиларидан бири бўлиши мумкин албатта, аммо чиндан ҳам game-changer сифатида юқорида саналган иккинчи руйхатдан жой олиши учун марказга ўтишга мажбур.
4. Алдамчи кутилмалар
Эътибор берган бўлсангиз, Ламин Ямал қарийб бир йилдан бери «Барселона»нинг асосий таркиб футболчиларидан бири бўлса-да, айнан Европа чемпионати пайтида у ҳақида гап-сўз кўпайди, уни чинакам юлдуз сифатида жиддий қабул қилиш бошланди? Нега?
Сабаби, терма жамоаларда ўзини кўрсатиш осонроқ, айниқса, Испания каби юқори даражада йўлга қўйилган тизимда. Рақамларга қарайлик: Ламин «Барселона»да ўртача ҳар 1.3 дақиқада тўпга тегинган, Испанияда бу кўрсаткич 1.6 дақиқа. Рақиб жарима майдонида тўпга эгалик қилиш «Барселона»да ҳар 12.8 дақиқада, Испанияда эса, ҳар 15.3 дақиқа.
Лекин клубда қарийб 20 фоизга тўп билан кўпроқ муомала қилган бўлса-да, «Барселона»да ҳар 57 дақиқада голли вазият яратган, Испанияда бу кўрсаткич икки баробар яхши – 26.6 дақиқа. Дарвозага зарбалар «Барселона»да ҳар 37 дақиқада, Испанияда ҳар 28 дақиқада.
Бу шуни англатадики, клублар футболида қаршилик даражаси ҳам, ўйин темпи ҳам бир анча юқорироқ бўлади. Табиийки, фақат айрим пайтларда йиғиладиган жамоалардан кўра, доим, ҳар куни шуғулланадиган клубларда яхши ҳимояни ташкил қилиб олиш осонроқ. «Барселона»да Ямалга тўп билан муомала қилишга кўпроқ имконият берилган бўлса-да, голли вазиятлар яратиш ва зарба беришда тўсиқлар каттароқ бўлиб чиқяпти.
Айтмоқчиманки, Ламин Ямалнинг ҳақиқий даражаси Европа чемпионатида кўрсатилган перформансдан аслида бироз пастроқ эканини тушунишимиз керак. Қаранг, яхши тизим йўлга қўйилган жамоаларда Эмболо, Забитцер ёки Испаниянинг аксарият футболчилари клубдагидан кўра анча ёрқинроқ кўринишди. Бу ҳам клублар футболидаги қаршилик даражаси терма жамоадан анча баландроқ эканини кўрсатади.
Бу ерда хавфли томони, Европа чемпионатидаги ёрқин ўйиндан кейин ундан кутилмалар керагидан баландроқ бўлиш эҳтимоли бор. «Барселона»да, мухлислар томонидан унга энди 16 ёшли вундеркинд сифатида эмас, ўйинларни ҳал қилиши лозим бўлган юлдуз сифатида қарашади, босим ортади, танқидлар пайдо бўлади. Ламиннинг ўзи ҳам Евродаги ўйинини такрорлай олмаётганидан руҳан қийналиши мумкин. Бу ерда муҳими, унинг атрофидагилар, мураббийлар Европа чемпионатидаги ўйин бошқа даража бўлгани, ўша ўйинни барқарор ҳолатга келтириш учун сабр кераклигини уқтириши лозим бўлади.
5. Мураббий
Биз шу пайтгача Хави ва де ла Фуэнте қўл остидаги Ямални кўрдик. Хави Ямални бизга танитган бўлса, де ла Фуэнте уни қандай қилиб юлдузга айлантириш мумкинлигини майдонда кўрсатиб берди.
Ҳанс Дитер Флик «Барселона» бош мураббийига айлангач, раҳбариятга тўрт футболчига тегиш мумкин эмаслиги, ўз жамоасида айнан улар муҳим фигура бўлишини айтди. Бу футболчилар – Френки де Йонг, Педри, Арауҳо ва Ламин Ямал. Демак, асосий қадам ташланди – навбатдаги мураббий ҳам Ямални муҳим деб билмоқда, унга ишонмоқда.
Энди савол, янги жамоа ўйини қай даражада ўзгаради? Янги услуб Ямал ўзини яхши ҳис қилган Хави ва де ла Фуэнте услубига қай даражада яқин бўлади?
Масалан, «Бавария»да Флик ўта ҳужумкор ва фаол қанотлар билан 4-3-3 схемасини афзал кўрган. Бу ҳолатда Ямал ва қанот ҳимоячиси ўртасидаги вазифалар қандай шаклда тақсимланади? Саволлар етарли.
Янги «Барселона»да Ямалнинг ўзини қандай топиши энг яқин келажакдаги муҳим масала бўлса-да, эндигина ўн етти ёшга кирган футболчида ҳаммаси учун вақт етарлидан ҳам ортиқ эканини ҳам таъкидлаш керак.
Қаҳрамон Асланов
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди