
Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”даги фаолияти секин-аста изига тушиб бормоқда. Янги чемпионат, бошқа жамоага кўчиб ўтган ҳар қандай футболчига мослашиш учун вақт керак.
Хосеп Гвардиола жамоаси тушган вазият янги ижрочиларни дарров кескин ва муросасиз тўқнашувларга ташлашни талаб этарди. Шу боис, испаниялик мураббий қишки трансферлар вақтида олинган тўрт футболчига дарров ўйин амалиётини беришга қарор қилди.
Фақатгина 18 ёшли Витор Рейс Англия кубогида бир бўлим ўйнади холос. Ёш ҳимоячи бироз тажриба тўплаши, маҳоратини ошириши, Европа футболи муҳитига мослашиши учун кўпроқ муддат кераклиги аввалдан маълум эди.
Европа лигаларидан олинган Абдуқодир Ҳусанов, Нико Гонсалес ва Умар Мармуш дарров жамоага сингиб кетди. Айни пайтда кўпчиликни эътиборини қозонишда давом этишмоқда.
20 ёшли легионеримиз “Манчестер Сити”га ўтганидан кейин икки нуфузли мусобақа – Премьер-лига ва Англия кубогида дебютини ўтказган ва ҳатто биринчи голини урган ягона ўзбек футболчиси сифатида номини тарихга муҳрлаб қўйди.
Энди кўпчиликни, хусусан, ўзбекистонлик барча ишқибозларни ҳимоячимизнинг Европа Чемпионлар лигасида “шаҳарликлар” сафида дебют қилиши қизиқтирмоқда.
Бундай имконият бор, албатта. 19 февраль куни манчестерликлар “кўҳна қитъа”нинг энг нуфузли мусобақаси доирасида “Реал” майдонида плей-оффнинг жавоб учрашувида майдонга тушиши талаб этилади. Ҳусановнинг “Ньюкасл”га қарши ўтказилган учрашувдаги ўйини ҳамюртимиз жиддий рақибларга қарши ишончли ҳаракат қилишга қодирлигини кўрсатди.
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола ҳам Абдуқодир Ҳусановнинг жамоага келганидан бери ҳозирга қадар бўлган фаолиятига баҳо берди.
- “Ньюкасл” билан бўлган учрашувда ҳакам Абдуқодир Ҳусановга икки-уч маротаба ҳуштак чалди. Чунки бу ҳимоячи бирга бир курашда жуда шиддатли ҳаракат қилади. У ҳозирча янги ўйинчи экани учун шундай бўлди, агар бошқа марказий ҳимоячилар сингари машҳур футболчи бўлганида оддий вазиятларда ўйин тўхтатилмас эди.
Аслида Абдуқодир жамоага келиши билан “Челси”га қарши учрашувнинг илк дақиқаларида дуч келган вазиятда унга осон бўлгани йўқ. Ўзбекистон ёки Франциядан бу ерга келиб, дарров ўйнаб кетиш қийин.
“Ньюкасл”га қарши ўйин олдидан Рубен Диас, Мануэль Аканжи, Натан Аке сафдан чиққани боис, ҳимояда ўйнаш Ҳусановнинг чекига тушди. Унда ҳақиқатан ҳам биз кутган салоҳият борлиги биз учун ҳам, ўйинчининг ўзи учун ҳам фойда.
Абдуқодир совуққон ва тезкор футболчи. “Ньюкасл” билан ўйинда рақиб ҳужумчиси Александер Исаакка етиб олган вазиятда қанчалар тез югуришини кўрдик. Энди у тез қарор қабул қилиш қобилиятини яхшилаши талаб этилади, бу ёш билан боғлиқ масала.
Энг асосийси эса, Ҳусанов жамоага яхши ўрнашиб олди, у жуда камтарин ва камгап футболчи. Мен унинг бизга ёрдам бера олишига ишонаман. Ҳусанов, Нико Гонсалес, Витор Рейс ҳали жуда ёш ва “Манчестер Сити” яқин йилларда уларнинг ўйинини ривожлантириб, ўзи ҳам мусобақаларда яхши иштирок эта бошлайди, - деди Хосеп Гвардиола.
Демак, “Манчестер Сити” мураббийлар штабининг Абдуқодир Ҳусановга ишончи баланд. Ўз ўрнида, Хосеп Гвардиола ҳамюртимизни “Реал”га қарши ўйнатиш эҳтимоли катта. Чунки жамоанинг ҳимоя чизиғида муаммолар ҳали тўлиқ бартараф этилмаган.
Таъкидлаш жоизки, Хосеп Гвардиола 2016 йилдан бери жамоани бошқариб келмоқда. Бу клуб тарихидаги энг самарали давр. Хусусан, “шаҳарликлар” испаниялик мутахассис қўл остида олти маротаба Англия чемпиони бўлди.
“Манчестер Сити” сўнгги тўрт йилда кетма-кет биринчи ўринни эгаллади ва Англия Премьер-лигаси тарихида қаторасига тўрт бор чемпион бўлган ягона жамоага айланди.
Жорий мавсумнинг биринчи қисмида жамоа ўйинида жиддий инқироз кузатилди. Хосеп Гвардиола бу муаммолар ечимини таркибни қайта тузишда, деб топди. Ана шу мақсадда, манчестерликлар январь ойидан бошлаб, жамоага ёш ва иқтидорли ўйинчиларни олиб кела бошлади. Биринчи бўлиб, Абдуқодир Ҳусанов трансфери ҳал этилди. Қисқа фурсатда Витор Рейс, Умар Мармуш ва Нико Гонсалес олиб келинди.
“Манчестер Сити” ёзда янгиланишларни давом эттиради. Хосеп Гвардиола бир неча ёши катта ўйинчиларга жавоб бериб, уларнинг ўрнига ёш, тезкор, бақувват янги авлод ижрочиларини олиб келишни, улар ёрдамида келаси мавсум яна нуфузли совринлар учун курашишни мақсад қилган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар