
Машҳур инсонларнинг шахсий ҳаёти доимо жамоатчилик учун қизиқ бўлиб келган. “Рома”даги ҳамюртимиз Элдор Шомуродовнинг кейинги пайтда ишлари юришиб, ўйини очилиб кетди.
Ҳозир 29 ёшли ҳужумчимиз Рим клубидаги энг машҳур ўйинчилардан бири, бир неча учрашувлар қаҳрамони. Элдор пойтахтликларнинг диққат-марказида турибди.
Шу боис журналистлар “бўрилар” сафида порлаётган ўзбек футболчисининг шахсий ҳаёти ва оиласи ҳақида ҳам маълумотлар чиқара бошлади. “Рома” фаолиятини ёритиб келаётган romaforever.it сайти журналисти Франческа Ди Нора Шомуродовнинг оиласи ва рафиқаси Омина ҳақида ёзди.
- Элдор Шомуродов 2021 йилнинг 2 августида “Рома” тарихидаги биринчи ўзбек футболчисига айланди. “Рома” таркибидан ўз меҳнатлари билан муқим жой олаётган футболчининг оддийлиги, юзидаги доимий табассуми пойтахтлик мухлисларнинг қалбини ҳам забт этишига сабаб бўлмоқда.
Элдор Шомуродовнинг рафиқаси ким?
Унинг турмуш ўртоғи Омина футболчининг ортидан Италияга дарров келгани йўқ. Фақатгина тўнғич фарзанди Мустафо туғилганидан кейин, яъни 2020 йилнинг декабрида оила яна жам бўлди. Шундан сўнг, 2022 йилнинг 15 июнида оиладаги иккинчи фарзанд – Мубина туғилди. Элдорнинг отаси бу янгиликни ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилиб, “хуш келибсан, малика” деб ёзган эди.
Элдорнинг оиласи билан алоқаси жуда мустаҳкам. Шомуродов ўз интервьюларида кўп бор “Мен оддий инсонман, оиламга жуда яқинман”, деб таъкидлаган. Гарчи Элдор турмуш ўртоғи билан жуда яхши муносабатларда бўлса-да, Омина ҳақида маълумотлар жуда кам. Уларнинг ижтимоий тармоқлари ёпиқ.
Оминани Элдорнинг шон-шуҳрати у қадар қизиқтирмайдигандек, у асосий эътиборини икки фарзандининг тарбияси билан шуғулланишга ва оиласига бағишлашга қаратади.
Элдорнинг отаси Азамат ва амакиси Илҳом ҳам футболчи бўлганини бу ерларда кўпчилик билмаса ҳам керак. Ўзбекистонлик марказий ҳужумчининг футболга бўлган қизиқиши ота мерос. Уни “ўзбек Мессиси”, деб ҳам аташади. Бу лақабни у кулиб қабул қилади.
Элдор шахсий ҳаётини спортдаги фаолияти билан аралаштириб юбормаган. Ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам оилавий суратларини кўп намойиш қилмайди, бироқ майдонда жавлон ураётган расмларини етарлича кўрсатади.
Шомуродовлар оиласи Римнинг Эур туманида истиқомат қилади. Бу клуб базаси жойлашган Тригорияга яқин ҳудуд. Шу боис, Элдорнинг машғулотларга етиб келиши ва тезроқ оиласи ва фарзандлари бағрига қайтиши осон, - деб ёзди Франческа Ди Нора.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов 2019 йилнинг 28 декабрь куни уйланган. Ўшанда футболчимиз Россия Премьер-лигасида “Ростов” жамоаси шарафини ҳимоя қилар эди.
Шомуродов Европанинг энг кучли беш чемпионатидан бири ҳисобланган А Серияга 2020 йилнинг октябрида кўчиб ўтган. Элдор дастлаб Италиянинг энг ёши катта клуби – “Женоа” сафига қўшилган. Бир мавсумдан кейин легионеримиз “Рома”га трансфер қилинди. Орада ижара асосида “Специя” ҳамда “Кальяри” шарафини ҳам ҳимоя қилди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар