12:38 / 15.03.2025
60

Ўзбекистон U-21 ва U-19 терма жамоалари IHF Кубогида ярим финалга йўл олди

Ўзбекистон U-21 ва U-19 терма жамоалари IHF Кубогида ярим финалга йўл олди
Косовонинг Приштина шаҳрида гандбол бўйича U-19 ўсмирлар ва U-21 ёшлар жамоалари ўртасида ўтказилаётган Халқаро гандбол федерацияси (IHF) кубоги қитъалараро босқичининг гуруҳ ўйинлари якунланди. Мусобақада Ўзбекистон U-21 ва U-19 терма жамоалари муваффақиятли иштирок этиб, ярим финалга чиқишди.

U-21: Ўзбекистон – Руанда

U-21 ёшлар терма жамоаси “Б” гуруҳида Руандага қарши майдонга тушди. Учрашувнинг илк бўлимида шарқий Африка вакиллари устунликка эга бўлиб, 18:20 ҳисоби қайд этилди. Иккинчи бўлимда ҳам Руанда жамоаси ташаббусни қўлдан чиқармади ва натижада учрашув 40:32 ҳисобида уларнинг фойдасига якунланди.

Шу тариқа, Ўзбекистон U-21 терма жамоаси гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб, ярим финалга йўл олди. Энди ҳамюртларимиз финал йўлланмаси учун “А” гуруҳининг етакчиси Болгарияга қарши кураш олиб боради.

U-19: Ўзбекистон – АҚШ

U-19 ўсмирлар жамоаси эса “Б” гуруҳида АҚШ термаси билан куч синашди. Гуруҳда биринчи ўринни аниқлаш учун кечган кескин тўқнашувда жамоалар тенгма-тенг кураш олиб боришди. Биринчи бўлимда 15:15 ҳисоби қайд этилган бўлса, иккинчи бўлимда Ўзбекистон ўсмирлари бир очко фарқи билан ғалаба қозониб, 33:32 ҳисобида зафар қучишди.

Бу натижа U-19 терма жамоамизни ярим финалга олиб чиқди. Эндиликда ўсмир гандболчиларимиз Нигерия жамоаси билан финал йўлланмаси учун куч синашади.

Йўлланмалар ва финал ўйинлари

Ташкилотчилар маълумотига кўра, 15-16 март кунлари ярим финал, учинчи ўрин учун баҳслар ҳамда финал ўйинлари бўлиб ўтади. Ҳар икки ёш тоифасида ғолиб чиққан жамоалар жорий йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ўзбекистон терма жамоаларининг ушбу муваффақиятлари мамлакатимиз гандболи учун муҳим босқич ҳисобланади. Ярим финалда ҳамюртларимизга омад тилаб қоламиз!

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт