01:13 / 21.03.2025
23 741

11 метрдан гол уролмаган Шомуродов ўйинига Италиядан қандай муносабат бўлди?

11 метрдан гол уролмаган Шомуродов ўйинига Италиядан қандай муносабат бўлди?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йили АҚШ, Канада ҳамда Мексика биргаликда мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашмоқда.

Сречко Катанецдан терма жамоани қабул қилиб олган Тимур Кападзенинг бош мураббий сифатидаги дебюти жаҳон чемпионати минтақавий саралаш турнири учинчи босқичининг еттинчи турига тўғри келди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси “Миллий” стадионида Қирғиз Республикаси футболчиларини қабул қилиб, Ҳожиакбар Алижоновнинг ягона голи эвазига ғалаба қозонди. Аслида ҳисоб бундан йирик бўлиши мумкин эди. Бироқ жамоа сардори Элдор Шомуродовнинг ҳаракатлари бесамар кетди.

“Рома” ҳужумчисининг халқаро миқёсидаги фаолиятини ҳам кузатиб бораётган Италия матбуоти ўзбек легионерининг терма жамоадаги ўйинига қуйидагича муносабат билдирди.

LAROMA24.IT сайти:

Тошкентдаги “Миллий” стадиони 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турниринг еттинчи турида Элдор Шомуродов сардорлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қирғизистон футболчилари билан тўқнаш келди.

Учрашувда мезбонлар Алижоновнинг ягона голи эвазига ғалаба қозонди.

Биринчи бўлим ўрталарида қирғизлар майдонда бир киши кам бўлиб қолди. Ҳакам Саид Дациевга қизил карточка кўрсатиб, рақиб дарвозасига пенальти белгилади. Нуқтага Элдор Шомуродов яқинлашди. Унинг зарбасини дарвозабон қайтарди.

“Рома” марказий ҳужумчиси омадсизликка қарамай тўлиқ ўйнади.

VOCEGIALLOROSSA.IT сайти:

2026 йилги жаҳон чемпионатига Осиё минтақасидан қатнашиш ҳуқуқи учун ўтказилаётган саралаш турнирининг навбатдаги учрашуви Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасида бўлди.

Рим клуби вакили Элдор Шомуродов майдонда 90 дақиқа ҳаракат қилди. Лекин тажрибали ҳужумчи 26-дақиқада пенальтидан фойдалана олмади.

Бу ғалабадан кейин Ўзбекистон очколари сонини 16 тага етказиб, ўз гуруҳида Эрондан кейин иккинчи ўринда бормоқда.

SIAMOLAROMA.IT сайти:

“Рома”да муваффақиятли фаолият олиб бораётган Элдор Шомуродов ўз мамлакати терма жамоасидан чақирув олган эди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги жаҳон чемпионати саралаш учрашуви ўзбекларнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди.

Рим клуби ҳужумчиси беллашувнинг асосий қаҳрамонларидан бўлди. Бироқ у 26-дақиқада 11 метрдан гол ура олмади. Ўзбекларнинг бахтига Элдорнинг хатоси терма жамоа учун қимматга тушгани йўқ.

Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродов пенальтини аниқ бажара олмаган бўлса-да, ўйиннинг иккинчи ярмида барибир рақиб дарвозасини ишғол қилганди. Бироқ голли ҳужумда иштирок этган Аббосбек Файзуллаев ўйиндан ташқари ҳолатга тушгани учун Элдор киритган тўп инобатга олинмади.

Энди Ўзбекистон миллий терма жамоаси вакиллари навбатдаги учрашувни 25 март куни гуруҳдаги энг кучли рақиб – Эрон футболчиларига қарши ўтказади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт