12:07 / 21.03.2025
832

Ўзбекистон терма жамоаси мундиал йўлида: Қирғизистон устидан муҳим ғалаба ва олдиндаги синовлар

Ўзбекистон терма жамоаси мундиал йўлида: Қирғизистон устидан муҳим ғалаба ва олдиндаги синовлар
"ЖЧ-2026" саралаш баҳслари қизғин паллага кириб, миллий терма жамоамиз ўз олдига қўйган мақсад сари дадил қадам ташламоқда. Кеча "Бунёдкор" стадионида Қирғизистон терма жамоасига қарши ўйинда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган жамоамиз мундиал йўлида яна бир муҳим уч очкони қўлга киритди.

Албатта, мухлислар кўпроқ голлар кутганди. Ҳатто рақиб биринчи бўлимда бир ўйинчи кам бўлиб қолди. Шунга қарамай, Қирғизистон терма жамоаси ҳимояда қаттиқ турди ва дарвозабони бир неча бор йирик ҳисобнинг олдини олди. Биз пенальтидан ҳам фойдалана олмадик, аммо асосийси – ғалаба ва қимматли очколар.

Терма жамоамиз саралашдаги ҳолати

25 март куни Теҳронда Эронга қарши баҳс кутиб турибди. Ҳозирда:

- Эрон – 19 очко (1-ўрин)
- Ўзбекистон – 16 очко (2-ўрин)
- БАА ва Қатар – 10 очко

Яна учта тур қолди ва ҳаммасини жамоамиз ўз қўлида ушлаб турибди. Биз мундиал сари жуда яқинмиз!

Анвар Ғофуров ғалаба ва келажак баҳслар ҳақида

Терма жамоамизнинг собиқ футболчиси Анвар Ғофуров ҳам кечаги ўйин ва Эронга қарши бўлажак баҳс ҳақида фикр билдирди:

"Авваламбор, барча юртдошларимизга Наврўз ва ғалаба муборак бўлсин! Жуда муҳим ғалаба, балки жуда кучли рақиб эмасдир, аммо ғалаба жаҳон чемпионати йўлида катта аҳамиятга эга.

Кутилганидек, бу осон ўйин бўлмади. Қирғизистон терма жамоаси яхши тайёргарлик кўрган экан ва дарвоза мустаҳкам ҳимоя қилинди. Рақибнинг қизил карточкаси бизнинг фойдамизга бўлди, аммо барибир ўйин мураккаб кечди.

Бу таркиб ЖЧда ўйнашга лойиқ. Сречко Катанецга қилган меҳнатлари учун катта миннатдорчилик билдириш керак. Терма жамоа мухлислари, мураббийлар ва футболчиларга табрикларимни йўллайман. Бу ғалаба мухлисларнинг кайфиятини кўтарди."

Эронга қарши ўйин – ҳал қилувчи баҳслардан бири

Ғофуровнинг фикрича, Эрон терма жамоаси Жаҳон чемпионатига чиқишни деярли таъминлагани учун бизнинг имкониятларимиз ошиши мумкин.

"Бизда йўқотишлар бор – Жалолиддин Машарипов, Остон Ўрунов, Хусниддин Алиқулов ўйнай олмайди. Лекин жамоамизда ёш ва истеъдодли футболчилар бор ва улар ўз сўзларини айтишга тайёр."

Терма жамоамизга омад тилаймиз!

Жамоамиз 25 март куни Теҳронда Эронга қарши муҳим баҳсга чиқади. Барча мухлисларимизга ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш тилаймиз. Биз мундиалга яқинмиз – энди фақат яна бир неча қадам қолди!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт