date
views 17 132

Рим дербиси: “Рома” ва Элдор Шомуродов тарихий тўқнашув арафасида

Рим дербиси: “Рома” ва Элдор Шомуродов тарихий тўқнашув арафасида
"А Серия"нинг энг кучли ва кутилган баҳсларидан бири — Рим дербисига саноқли кунлар қолди. 13 апрель куни "Олимпико" стадионида "Лацио" ва "Рома" жамоалари юзма-юз тўқнаш келади. Бу галги дербида майдон эгалари сифатида "Лацио" футболчилари ҳисобланади, аммо ҳар доимгидек, стадион мухлислар билан тўлиб-тошади.

Уч жиҳат — бир дерби

Ушбу тўқнашув "Рома" учун бир неча жиҳатдан жуда муҳим. Биринчидан, тажрибали мураббий Клаудио Раньери мураббийлик фаолиятини юқори нотада якунлаш ниятида. Иккинчидан, шаҳар шарафини ҳимоя қилаётган икки қудратли клуб ўртасидаги учрашув мухлислар учун ҳамиша алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Учинчидан эса, "Лацио" ва "Рома" мусобақа жадвалида ЕЧЛ йўлланмаси учун курашаётган тўғридан-тўғри рақиблар саналади — жамоалар олтинчи ва еттинчи ўринларда бормоқда.

Етти “финал”, бир мақсад

“Рома” чемпионатнинг қолган қисмларида “Лацио”, “Верона”, “Торино”, “Интер”, “Фиорентина”, “Аталанта” ва “Милан”га қарши баҳс олиб боради. Ушбу ўйинлар мураббий Раньери учун ҳар бири финалга тенг. Ҳозирча унинг бутун эътибори “Лацио”га қаратилган.

— Биринчи даврадаги дербида ғалаба қозонганимиз мен учун қувончли, лекин бу ўтмиш. Биз олдимизга янги мақсад қўйдик — бу гал ҳам мухлисларни хурсанд этиш, — дейди мураббий.

Элдорга ишонч ортаяптими?

Тўқнашув олдидан кўпчиликни қизиқтираётган масала — Раньери ҳужум чизиғида қандай қарор қабул қилади? Жамоада атиги икки марказий ҳужумчи — Элдор Шомуродов ва Артём Довбик бор. Мураббий учрашувни улардан бири билан бошлаб, кейин икки ҳужумчи схемасига ўтиши мумкин. Ёки шундоқ ҳам охирги ўйинларда кўпроқ самара келтирган дуэтга биринчи дақиқалардан ишонч билдириладими?

Чунки “Рома” охирги икки ўйинда айнан Элдор ва Артём бирга бўлган пайтларда гол урган. Шу боис, мутахассислар ва мухлислар дербида ҳам шу дуэтга тикилган.

Италиялик экспертлар: “Шомуродовни асосий таркибда кўриш вақти келди”

Италия оммавий ахборот воситаларида Раньерига қарши маслаҳатлар керак эмас — уларнинг ўзлари ҳам Элдорни асосий таркибда кўриш тарафдори. “Ювентус” дарвозасига урилган гол ўзбек ҳужумчисининг юқори спорт формасини тасдиқламоқда.

Элдор “Кальяри” ва “Женоа”да орттирган тажрибаси орқали ҳужумни етаклаши мумкин. Раньери учун икки режа бор:

– Шомуродовни илк дақиқаларда Артём ўрнида майдонга тушириш;
– Икки ҳужумчи биргаликда. Айни услуб “Лечче”га қарши иш берган — 12 дақиқа давомида Элдор ва Артём майдонда бўлиб, биргина имкониятни голга айлантиришган.

Шомуродов – мотивация юқори, кайфият жанговор

29 ёшли Элдор Шомуродовнинг ўзи ҳам дербини интиқлик билан кутмоқда. У ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида машғулотлардан фотолар билан бўлишиб, “Бу ҳафта дерби!” деб мухлисларга мурожаат этди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Элдор муваффақиятли ўйинлари ортидан “Рома” билан шартномасини 2027 йилгача узайтириш имконига эга бўлди. Эҳтимол, айнан шу ўйин унинг Римдаги тақдирини белгилаб бериши мумкин.

📅 “Лацио” — “Рома” дербиси 13 апрель куни “Олимпико” стадионида бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан 23:45 да старт олади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт