
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ёрқин юлдузи Аббосбек Файзуллаевнинг Европага кўчиб ўтиши сўнгги икки йил давомида ўзбек футболининг энг муҳим мавзуларидан бирига айланди. Истеъдодли ҳужумчи 2023 йил август ойида "Пахтакор" сафидан Москва шаҳрининг ЦСКА клубига ўтгач, унинг номини нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро майдонда ҳам кўпчилик муҳокама қилишни бошлади.
Аббосбекнинг қисқа муддат ичида "армиячилар"нинг асосий таркибида мустаҳкам ўрин эгаллаши Россия футбол жамоатчилиги томонидан ҳам юқори баҳоланди. Шу тариқа у Россия Премьер-лигасининг ўтган мавсумдаги энг ёрқин кашфиёти сифатида махсус соврин билан тақдирланди. Файзуллаев ҳозирги пайтда Москва клубининг етакчи ўйинчиларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Клубдаги муваффақиятлари билан чекланиб қолмаган Аббосбек Ўзбекистон миллий ва ёшлар терма жамоаларида ҳам бир нечта муҳим мусобақаларда майдонга тушди. Хусусан, у ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги ва Парижда ўтказилган Олимпия ўйинларидаги тарихий учрашувларда фаол иштирок этди. Ҳозирда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилдаги жаҳон чемпионати саралаш босқичида ғалаба қозонишга жуда яқин турибди ва Файзуллаев терма жамоанинг асосий фигураларидан бири сифатида ўз ўрнига эга бўлиб улгурган.
Аббосбекнинг халқаро майдондаги ёрқин ўйинлари эътибордан четда қолмади. У 2023 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб тан олинди ва 2024 йилда Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси совринига муносиб кўрилди. Бундай совринлар, албатта, Европанинг бир қанча кучли клублари диққатини ўзига жалб қилмоқда.
Айни пайтда ўзбек футболчисига "Парма", "Монако", "Бавария" ва "Реал Сосьедад" каби таниқли клубларнинг қизиқиши ҳақида турли манбаларда хабарлар тарқалмоқда. Мавсум якунига яқинлашаётган ҳозирги пайтда эса бу муҳокамалар янада қизғин тус олмоқда. Хусусан, яқинда уни Испания ва Франциянинг бир қанча клублари кузатаётгани маълум бўлди.
Таниқли инсайдер Иван Карповнинг маълум қилишича, ЦСКА раҳбарияти Файзуллаев бўйича яхши таклифлар келиб тушса, уларни кўриб чиқишга тайёр. Айниқса, "армиячилар" Аббоснинг трансфери учун 12 миллион евродан юқори бўлган таклифларни қабул қилишга тайёр эканлиги айтилмоқда. Бироқ параллел равишда клуб раҳбарияти ўзбек футболчиси билан шартномани янгилаш вариантларини ҳам кўриб чиқмоқда. Лекин Аббосбекнинг ўзи Европа топ-чемпионатларига йўл олишни хоҳламоқда.
Файзуллаевнинг 2023 йилда ЦСКАга трансфери "Пахтакор" клубига 500 минг евро келтирган эди. Бироқ, ҳозирги пайтда унинг трансфер баҳоси бир неча баробарга ўсиб, Transfermarkt портали томонидан 8 миллион евро деб баҳоланмоқда. Бу билан Аббосбек Марказий Осиёнинг энг қиммат футболчилари орасида 35 миллион евро билан етакчи бўлиб турган "Манчестер Сити" ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановдан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Файзуллаев ЦСКА сафига ўтгандан бери барча турнирларда жами 64 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол ва 21 та голли узатма муаллифи бўлди. Халқаро майдонда эса миллий терма жамоамиз таркибида 25 ўйинда 8 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди.
Аббосбек Файзуллаевнинг яқин келажакдаги трансфери Ўзбекистон футболи тарихидаги энг йирик воқеалардан бирига айланиши кутилмоқда. Бутун Ўзбекистон мухлислари истеъдодли футболчининг Европанинг энг кучли клубларида ўз ўрнига эга бўлишини орзу қилиб қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар