date
views 1 254

Аббосбек Файзуллаев «Спартак» билан дерби ва ЦСКАдаги келажаги ҳақида очиқлади

Аббосбек Файзуллаев «Спартак» билан дерби ва ЦСКАдаги келажаги ҳақида очиқлади
Россия Премьер-лигаси 26-туридаги энг муросасиз ва томошабоп учрашувлардан бири Москва дербиси — «Спартак» ва ЦСКА жамоалари ўртасида кечди. Қизғин ва шиддатли ўйинда меҳмонлар – «армиячилар» 2:1 ҳисобида зафар қозониб, рақибидан мусобақа жадвалида юқорига чиқиб, учинчи поғонага жойлашди.

Учрашувни асосий таркибда бошлаган ва 72 дақиқа давомида фаол ҳаракат қилган ўзбекистонлик иқтидор эгаси Аббосбек Файзуллаев баҳсдан кейин журналистлар саволларига атрофлича жавоб берди.

Дербидаги кескинлик ҳақида

— «Спартак» билан беллашув Россиядаги энг кўзга кўринган дербилардан бири. Шундай ўйинларда кўплаб фоллар ва сариқ карточкалар бўлиши табиий ҳолат. Баъзида кўпроқ фол қилган томон ғалаба қозониши мумкин, деб ўйлайман.

Бугунги баҳсдаги пенальти вазиятларини кийим алмаштириш хонасида қайта кўриб чиқдик. Иккинчи вазиятда рақиб жамоа ҳужумчиси бизнинг ўйинчига нисбатан қўлини ишлатиб туртиб юборгани учун, жамоадошимизда тўпдан қочиш имкони қолмаганди. Нега ҳакамлар буни пенальти сифатида баҳолаганини тушунмадим, лекин энг асосийси, охир-оқибат ғалабага эришдик.

Жамолиддин Абдулқодировнинг дебюти ҳақида

— Албатта, биз жамоадошимиз Жамолиддин Абдулқодировни асосий таркибдаги илк учрашуви билан табриклаб, унга далда бердик. Бундай муҳим дербида профессионал дебют қилиш осон иш эмас, аммо у ўз вазифасини қойилмақом бажарди. Умид қиламанки, унинг олдидаги келажаги ҳам ёрқин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2005 йилда таваллуд топган Жамолиддин Абдулқодиров «Спартак» билан ўйинда ЦСКАнинг асосий таркибида илк бор майдонга тушган эди.

Янги ўйин услубига кўникиш ҳақида

— Бош мураббий Марко Николич жамоамизда янги тактик схема ва услубни татбиқ қилмоқда. Шу билан бирга, у менга ҳам янги позиция топширди. Бу мен учун янги вазифа ва шу сабабли аввалги ўйинлардаги ёрқин ҳаракатларим ҳозир кўринмаётган бўлиши мумкин. Бироқ мен бор кучим билан ишлашда давом этяпман ва тез орада бу услубга ҳам тўлиқ мослашиб кетаман, деган умиддаман.

Миралем Пьяничнинг жамоадаги ўрни ҳақида

— Пьянич биз учун майдон ичида ҳам, ташқарисида ҳам муҳим ўйинчи ҳисобланади. Унинг катта тажрибаси, доимий равишда биз билан маслаҳатлашиб туриши ва қўллаб-қувватлаши жамоага катта куч беради. Майдонда ҳам у ўзининг юқори савиясини намойиш этмоқда.

ЦСКАдан кетиши ҳақидаги хабарларга муносабати

— Ҳозирча мен учун клубдан кетиш ҳақидаги хабарларга жавоб бериш муҳим эмас. Эътиборим тўлиқ чемпионатнинг қолган 4 та учрашувига қаратилиб турибди. Шунингдек, ЦСКА билан Россия кубогини ютиб олиш ва Ўзбекистон терма жамоаси билан биргаликда жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишга интиляпман. Ҳозир бутун ўй-хаёлим ва эътиборим ана шу мақсадларга қаратилиб турибди.

«Спартак» устидан қозонилган ғалаба ҳақида

— Стадионга келиб бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга ва телевизор қаршисида бизни томоша қилган барча ишқибозларга миннатдорчилик билдираман. Ушбу муҳим ғалабани айнан уларга бағишлаймиз. Ўйин биз учун жуда оғир кечди, лекин бундай аҳамиятли учрашувда ғалаба қозониш икки ҳисса ёқимли бўлди.

Учрашув бошиданоқ ҳар икки жамоа ҳам ўйин қийин бўлишини биларди. Ҳар бир метр майдон учун қаттиқ кураш олиб бордик. Бундай кескин беллашувда ютуққа эришганимиздан жуда мамнунмиз. Бундан ташқари, айнан «Спартак»ни ортда қолдириб, мусобақа жадвалида юқори ўринга кўтарилишимиз бизга қўшимча куч берди. Энди олдимизда қолган барча ўйинларда ғалаба қозониб, ўз мақсадларимизга эришишни истаймиз, — дея сўзларини якунлади Аббосбек Файзуллаев.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Аббосбек Файзуллаев «Спартак» билан дерби ва ЦСКАдаги келажаги ҳақида очиқлади