date
views 820

«Манчестер Сити»да Абдуқодир Ҳусанов ҳақида Гвардиоладан муҳим баёнот янгради!

«Манчестер Сити»да Абдуқодир Ҳусанов ҳақида Гвардиоладан муҳим баёнот янгради!
Англия Премьер-лигасининг сўнгги турида "Манчестер Сити" ўз майдонида "Фулхэм"ни қабул қилиб, шиддатли беллашувни ғалаба билан якунлади. Ушбу баҳсда Илкай Гюндоган ва Эрлинг Холанднинг голлари шаҳарликларга 2:0 ҳисобида ишончли ғалабани олиб келди.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида журналистлар клуб бош мураббийи Пеп Гвардиолага ярим ҳимоячи Жек Грилишнинг таркибда йўқлиги ҳақида савол беришди. Мутахассис бу саволга кескин ва очиқ жавоб бериб, жамоадаги ички муҳит ва ўз қарорлари ҳақида батафсил тушунтириш берди. Шу билан бирга, у айрим футболчилар, жумладан ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов ҳақида ҳам илиқ фикрларини билдирди.

"Жек Грилиш ҳақидаги саволларингиз мени ҳайрон қолдиради. Мен қачон ундан мамнун эмаслигим ҳақида гапирганман?! Бу умуман ҳақиқатга тўғри келмайди," — деб қатъий таъкидлади испаниялик мураббий.

Гвардиола шундан сўнг жамоада ўйинчиларнинг кўплиги сабабли танлов қилишда қийинчиликлар пайдо бўлишини қайд этиб ўтди. У клубдаги бошқа футболчиларга нисбатан ҳам худди Жекка нисбатан қандай муносабатда бўлса, шундай муносабатда эканлигини алоҳида қайд этди.

"Масалан, Рико Льюисни олайлик. У мен учун жамоамдаги энг севимли футболчиларимдан бири, лекин у бугун таркибга киритилмади. Жеймс Макайти "Астон Вилла" ва "Вулверхэмптом"га қарши ўйинларда ажойиб ҳаракат қилди, бироқ бугун у қайдномада йўқ. Сизлар эса негадир фақат Жек ҳақида гапирмоқдасизлар. Менинг ўйинчиларим билан ҳеч қандай шахсий муаммоларим йўқ, мен уларнинг барчасига бир хил муносабатда бўламан," — дея тушунтирди мураббий.

Айниқса, Гвардиоланинг ўз сўзида Абдуқодир Ҳусановнинг номини тилга олиши ўзбек футбол мухлислари учун алоҳида қизиқарли бўлди. "Мен учун Жек Грилиш қандай муҳим бўлса, Абдуқодир Ҳусанов, Витор Рейс, Жеймс Макайти ва бугунги ўйинда қатнашмаган бошқа футболчилар ҳам худди шундай муҳим. Улар ҳақида ҳам алоҳида ғамхўрлик билан ўйлайман," — дея қўшимча қилди испаниялик тажрибали мутахассис.

Бу баёнот, шубҳасиз, Абдуқодир учун катта мотивация бўлиши мумкин. Ёш ўзбек футболчисининг номи дунёга машҳур "Манчестер Сити"нинг бош мураббийи томонидан тилга олиниши, унинг келажакдаги салоҳиятига бўлган ишончдан дарак беради.

Эслатиб ўтиш жоизки, жорий мавсумни Англия Премьер-лигасидаги ўйин билан якунлаган шаҳарликлар энди навбатдаги нуфузли мусобақа – клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўради. Мазкур мусобақа 15 июндан 13 июлга қадар бўлиб ўтади ва "Манчестер Сити" бу нуфузли мусобақада ҳам юқори натижа қайд этишни мақсад қилган.

Шундай қилиб, Гвардиоланинг мазкур интервьюси жамоа аъзолари ўртасидаги бирдамлик ва бир-бирига бўлган юксак ишончдан далолат берди. Шу билан бирга, Абдуқодир Ҳусанов каби ёш футболчиларнинг катта майдонлардаги муваффақиятларини кўришни истаган мухлислар учун бу муҳим ва қувонарли янгилик бўлди. Зеро, бундай даражадаги мураббийнинг эътибори ҳар қандай футболчи учун улкан мотивация ва келажакдаги катта ютуқларга йўл очади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Манчестер Сити»да Абдуқодир Ҳусанов ҳақида Гвардиоладан муҳим баёнот янгради!