date
views 8 574

Тимур Кападзе: «Энди халқимиз бемалол музқаймоқ ейиши мумкин!»

Тимур Кападзе: «Энди халқимиз бемалол музқаймоқ ейиши мумкин!»
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи Тимур Кападзе БААга қарши ўйиндан кейин ўзининг ҳиссиётлари ва таассуротлари билан ўртоқлашди.

— Ҳудога минг бор шукур, жуда узоқ ва оғир йўл босиб, муҳим натижани қўлга киритдик. Бу натижа учун жуда кўп меҳнат қилинди, халқимизни, Юртбошимизни самимий қутлайман. Бу фақат бизники эмас, бутун халқимиз ғалабаси. Кечадан бери телефонимиз тингани йўқ, мухлислар ва яқинларимиз бизга доимий қўллаб-қувватлашларини ва дуода эканликларини билдириб туришди. Ана шу қўллаб-қувватлаш ва дуолар бизга катта иштиёқ, куч бағишлади. Футболчиларимиз ҳар бир учрашувда ирода кўрсатиб, бор кучи билан ҳаракат қилишди ва натижага эришдик. Барчамизга бу кун муборак бўлсин! Бизга аввал ҳам озгина нарса етмай қолар эди, айниқса «музқаймоқ ейиш» истагимиз бўларди. Энди биз Жаҳон чемпионатига чиқдик ва халқимиз бемалол музқаймоқ ейиши мумкин.

— Сизнингча, Олимпиадага чиққанингиздаги босим каттароқ бўлганми ёки бугунгиси?
— Барибир Олимпия терма жамоаси миллий термадан бир поғона пастроқ ҳисобланади. Лекин ўша пайтдаги босим ҳам катта эди. Аммо миллий терма жамоа – мамлакатнинг асосий жамоаси, шунинг учун масъулият даражаси ҳам юқори.

— Терма жамоани шундай қийин вазиятда қабул қилиб олишнинг ўзи катта таваккалчилик эмасмиди?
— Ҳаммаси пешонада бор экан, шу кун менга ҳам насиб қилибди. Бунга минг бор шукр қиламан. Олимпиада йўлланмасини олганимизда ҳам ўз йўлимдан, ўз қарашларимдан чекинмаган эдим.

— Энди Тошкентдаги Қатар билан ўйин катта байрамга айланса керак?
— Албатта, бу ўйинга ҳам муносиб тарзда тайёргарлик кўрамиз.

— Шу пайтгача кам майдонга тушган футболчиларга имкон беришни режалаштираяпсизми?
— Буни ўйлаб кўрамиз, жамоанинг умумий кайфияти ва руҳиятига қараймиз. Ҳозир аниқ жавоб бериш қийин. Чунки футболчилардаги ҳозирги ҳис-туйғулар жуда юқори, бу эса вазиятни тўғри баҳолашга халал бериши мумкин. Бир-икки кундан сўнг буни яхшироқ ўйлаб, қарор қабул қиламиз.

— Ҳозир сизнинг шахсий зиммангиздаги масъулиятдан қанчаси енгиллашди деб ўйлайсиз?
— Биз катта босимни енгиб ўтдик. Ўйин олдидан мухлислар, спорт сайтлари ва экспертларимиз жамоамизнинг ғалабасига ишонишини билдириб, биздан яхши натижа кутишган эди. Бу ишонч биз учун ҳам катта масъулият ва босим бўлди. Лекин ана шу босимни енгиб ўтиб, вазифани уддалашга муваффақ бўлдик.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тимур Кападзе: «Энди халқимиз бемалол музқаймоқ ейиши мумкин!»