
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва ҳужум чизиғидаги асосий юлдузлардан бири — Элдор Шомуродовнинг фаолиятида яна янги бурилиш бўлиши мумкин. Ҳозирда у “Рома” клуби таркибида тўп сурмоқда, аммо Италия матбуоти ва турк журналистлари тарқатаётган маълумотларга қараганда, форвард тез орада клубини алмаштириши мумкин.
Италиянинг “Ilromanista” нашри маълум қилишича, “Рома” жамоаси бош мураббийликка Жан Пьеро Гасперини келганидан сўнг трансфер стратегиясида сезиларли ўзгаришлар кузатила бошлади. Жамоа таркибида келажаги ноаниқ бўлган футболчилардан бири айнан Шомуродов бўлиб турибди.
Туркиялик машҳур инсайдер Яғиз Сабунчуўғли маълумотларига кўра, Истанбулнинг “Башакшеҳир” клуби Элдор билан аллақачон дастлабки мулоқотни бошлаб юборган. Туркия Суперлигасининг ушбу жамоаси ҳужум чизиғини мустаҳкамлаш ниятида ва бу борада ўзбек футболчисига жиддий қизиқиш билдиряпти.
Турк нашрлари “Башакшеҳир” клуби поляк ҳужумчиси Кшиштоф Пёнтекни Қатарнинг “Ад-Духайл” жамоасига сотиб, 10 миллион евро фойда кўрганини қайд этмоқда. Унинг ўрнини эса айнан Элдор Шомуродов билан тўлдириш режа қилинган. Музокаралар ижобий руҳда ўтаётгани ва томонлар ўзаро келишувга яқин экани хабар қилинмоқда.
Шомуродов 2024/25 мавсумида “Рома” сафида 37 та ўйинда иштирок этиб, 7 та гол урди ва 5 та голли узатма берди. Аввалига захирада бўлган футболчи мавсум сари ўзини кўрсата олди ва асосий таркибдан жой эгаллашга муваффақ бўлди. Ҳозирда у Италияда етарлича тажриба тўплаган, жисмоний тайёргарлиги эса юқори баҳоланмоқда.
“Башакшеҳир” мураббийлар штаби Элдорнинг Европа миқёсидаги тажрибаси, тўп билан ҳаракатдаги самарадорлиги ва катта майдондаги ҳаракатланиш қобилиятини юқори баҳоламоқда. Клубнинг ушбу трансфер орқали ҳужумда янада самарали бўлишни мақсад қилгани аён.
Агар музокаралар якунига етса, ўзбекистонлик юлдуз янги мавсумни Туркия Суперлигасида бошлаши мумкин. Элдорнинг Истанбулда тўп суриши нафақат унинг фаолияти, балки ўзбек футболининг халқаро майдондаги нуфузи учун ҳам муҳим воқеа бўлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар