date

Элдор Шомуродов Туркияга йўл олди: “Башакшеҳир” билан шартнома остонасида

Элдор Шомуродов Туркияга йўл олди: “Башакшеҳир” билан шартнома остонасида
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг фаолиятида янги саҳифа очилишига саноқли кунлар қолди. “Рома” сафидаги бир неча мавсумдан сўнг, легионеримиз Туркия чемпионатига йўл олиши аниқлашмоқда.

Охирги кунларда Европа ва Туркия спорт нашрлари, хусусан, машҳур турк журналисти Яғиз Сабунчуоғлу “Истанбул Башакшеҳир” клуби “Рома”га Элдор Шомуродов учун расмий таклиф юбораётганини ёзганди. Бу маълумот футбол жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотган эди.

Яна бир маҳаллий журналист Якуп Чинар эса ҳужумчимиз аллақачон Истанбулда эканини ва барча шартлар юзасидан “Башакшеҳир” раҳбарияти билан келишувга эришилганини хабар қилди. Унинг таъкидлашича, Элдор яқин кунларда янги клуби билан расмий шартнома имзолайди.

Элдор Шомуродовнинг исми аввалроқ “Галатасарой”га бориши мумкинлиги ҳақида ҳам тилга олинган эди. Бироқ, вазият бутунлай бошқача йўсин олди: энди ўзбекистонлик ҳужумчи Туркиянинг амбицияли жамоаларидан бири — “Башакшеҳир” сафида янги синовларни бошламоқда.

“Рома” сафида Италия чемпионатидаги тажрибаси, Европа Лигасида қайд этган муҳим гол ва ассистлари билан мухлислар меҳрини қозонган Элдор, энди янги мамлакат ва янги чемпионатда ўзини кўрсатишга интилади.

Туркия нашрларига кўра, клублар ўртасида музокаралар якунига етаётган бир пайтда, Элдор Шомуродов янги жамоаси билан барча шартлар бўйича келишиб олган. Тафсилотлар тез орада расман эълон қилиниши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, “Башакшеҳир” Туркия чемпионатида юқори мақсадлар сари интиладиган жамоалардан бири саналади. Элдорнинг бу ердаги янги саёҳати, шубҳасиз, Ўзбекистон футболи учун ҳам, унинг мухлислари учун ҳам катта қизиқиш уйғотади.

Яқин кунларда Элдор Шомуродов Туркия чемпионатида ўз йўлини бошлайди!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов Туркияга йўл олди: “Башакшеҳир” билан шартнома остонасида