
Нукусдаги сўнгги мағлубиятдан сўнг Тошкентнинг “Локомотив” жамоасида катта ўзгариш юз берди. Про лига 10-турида “Арал”га қарши кечган сафар учрашувида 2:0 ҳисобида ютқазган “темирйўлчилар”да мураббийлар штаби билан йўллар расман ажралиб кетди, деб хабар берди клуб матбуот хизмати.
Клуб расмий баёнотида қайд этилишича, Про лига иккинчи давра якунланиши муносабати билан жамоа раҳбарияти дастлабки икки давра натижаларини таҳлил қилган. Ушбу таҳлиллар натижасида мураббийлар штаби билан ҳамкорликни тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Шу пайтгача жамоани бошқариб келган бош мураббий Григорий Колосовский, мураббий Самвел Бабаян, ёрдамчи мураббий Денис Тойменцов ҳамда дарвозабонлар мураббийи Павел Синельников билан тузилган шартномалар бекор қилинди. Бу қарор клубнинг умумий натижаларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган.
Маълумот учун, “Локомотив” Про лига доирасида 10 та учрашув ўтказиб, уларнинг 6 тасида ғалаба қозонган, 2 бор дуранг қайд этган ва 2 марта мағлуб бўлган. Айнан “Олимпик Мобиуз”га Тошкентдаги мағлубият ва Нукусда “Арал”дан қабул қилинган ютқазиш, шунингдек, “ФарДУ” ҳамда “Жайхун”га қарши дуранг натижалари раҳбариятни жиддий ўйга солди.
Бундан ташқари, жамоанинг Ўзбекистон Кубогида гуруҳ босқичидан чиқолмагани ҳам мураббийлар тақдирига таъсир этган асосий омиллардан бири сифатида кўрсатилди. Чунки кубок мусобақасида кутилган натижа амалга ошмади ва жамоа мухлислар умидини оқламади.
Клуб раҳбарияти мураббийлар штабига кўрсатган хизматлари учун миннатдорчилик билдирган ҳолда, уларнинг келгусидаги фаолиятига омад ва муваффақият тилаган.
Энди барча эътибор “Локомотив”нинг янги бош мураббийи ким бўлиши масаласига қаратилаётганини айтиш жоиз. Жамоанинг кейинги босқичларда қандай йўл тутиши ва қай тарзда қайта тикланиши футбол жамоатчилиги томонидан қизиқиш билан кузатилмоқда.
"Темирйўлчилар" учун муҳим палла бошланди — янги раҳбарият, янги стратегия ва, эҳтимол, янги руҳ. Жамоа мухлислари эса умид билан кейинги хабарларни кутмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар