date

Гвардиола нега ёзда ўртоқлик ўйинларидан воз кечди?

Гвардиола нега ёзда ўртоқлик ўйинларидан воз кечди?

Англия Премьер-лигасининг янги мавсуми остонасида жадал ва пухта тайёргарлик ишларини олиб бораётган “Манчестер Сити” клуби кутилмаган қарор қабул қилди. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг, “шаҳарликлар” фақатгина Италиянинг “Палермо” жамоаси билан биргина ўртоқлик баҳсини ўтказиш билан чекланишга қарор қилди. Бу хабар мухлислар орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Жамоа бош мураббийи, дунё футболидаги энг нуфузли мутахассислардан бири саналадиган Хосеп Гвардиола бу қарорнинг сабабларини батафсил изоҳлаб берди. Унинг сўзларига кўра, ёз мавсумида жамоанинг асосий мақсади – кучли рақибларга қарши машғулотлар орқали тайёргарликни мустаҳкамлаш ва янги мавсумнинг дастлабки ўйинларида максимал даражада куч тўплаш бўлган.

— Жамоамизда кайфият аъло даражада, — деди Гвардиола. — Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати давомида ҳам футболчиларимиз юқори руҳий ҳолатда эдилар. Биз “Вулверхэмптон”, “Тоттенхэм” ва “Брайтон”га қарши ўтказиладиган Премьер-лиганинг илк учта расмий учрашувига жиддий тайёргарлик кўриш учун ёзда кўплаб ўртоқлик баҳслари ўтказмасликка қарор қилдик.

Таниқли мураббий таъкидлашича, футболчиларга куч йиғиш ва тўлиқ тикланиш имконини бериш муҳим эди. — Оғир мавсумдан сўнг жисмоний ва руҳий дам олиш талаб этиларди. Шу боис, биз ўйинлардан кўра, юқори интенсивликдаги машғулотларга эътибор қаратдик. Бу йўл орқали жамоа тактик жиҳатдан ҳам, жисмоний жиҳатдан ҳам янги мавсумга тайёр бўлади, — дея қўшимча қилди Гвардиола.

“Манчестер Сити” янги мавсумдаги илк расмий баҳсини 16 август куни сафарда “Вулверхэмптон”га қарши ўтказади. Мухлислар эса ёздаги ўртоқлик баҳсларининг камлиги жамоа ўйинига қандай таъсир қилишини қизиқиш билан кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Гвардиола нега ёзда ўртоқлик ўйинларидан воз кечди?