Каталониянинг машҳур клуби "Барселона" навбатдаги мавсум олдидан анъанавий тарзда ўтказиладиган Жоан Гампер кубоги баҳсини юқори кайфиятда ўтказди. Бу мусобақа ҳар йили клуб томонидан мухлислар учун тайёрланадиган ўзига хос байрам саналади. Илк бор 1966 йилда ташкил этилган ушбу турнир 1997 йилдан бошлаб фақатгина битта ўйиндан иборат бўлиб келмоқда. "Блауграна" тарихда бу совринни 46 марта қўлга киритган, сўнгги 11 йилда эса бирор марта ҳам уни қўлдан бой бермаган.
Дастлабги режага кўра, Гампер кубоги янгидан таъмирланган ва модернизация қилинган "Камп Ноу" стадионида ўтказилиши кутилган эди. Бироқ шаҳар кенгашидан лицензия олишда юзага келган техник ва маъмурий муаммолар сабабли, клуб бу режани амалга ошира олмади. Шу боис учрашув бошқа майдонда ўтказилди.
Беллашувнинг ўзи эса “Барселона” учун мутлақ устунлик билан кечди. Рақиб "Комо"га қарши курашда каталонлар илк дақиқаларданоқ ҳужумкор услубда ҳаракат қилиб, мухлисларга том маънода голлар шоусини намойиш этишди.
Ҳисоб 21-дақиқада очилди — Фермин ўткир ҳужумни аниқ зарба билан якунлаб, тўпни дарвоза тагига йўллади. Орадан 14 дақиқа ўтиб, у яна ўзини кўрсатди ва ҳисобни 2:0 қилди. 37-дақиқада Рафинья майдон марказидан бошланган комбинацияни самарали якунлаб, устунликни янада оширди. Биринчи тайм тугаётганда, 42-дақиқада Ямал ёрқин индивидуал ҳаракатдан сўнг тўпни тўрга юборди — 4:0. Иккинчи тайм бошланишидан кўп ўтмай, Ямал яна бир гол урди ва ҳисобни 5:0 қилиб белгилади.
Учрашув протоколи:
"Барселона" — "Комо" 5:0
Голлар: Фермин (21), Фермин (35), Рафинья (37), Ямал (42), Ямал (49).
"Барселона" таркиби: Жоан Гарсия, Бальде, Араухо, Кубарси, Эрик Гарсия (Кунде, 46), де Йонг, Педри, Фермин, Рафинья, Ямал, Рэшфорд (Торрес, 46).
"Комо" таркиби: Бюте, Кемпф, Валье (Морено, 55), Войвода, ван дер Бремпт (Рамон, 46), Серджи Роберто, Пас, Батурина (Какре, 55), Асон (Да Кунья, 46), Дувикас (Родригес, 46), Аддаи (Диао, 55).
Бу ғалаба "Барселона" учун мавсум олдидан жамоавий уйғунлик ва ҳужумдаги самарадорликни кўрсатишда муҳим сигнал бўлди. Мухлислар эса ҳар йили бўлганидек, Гампер кубогидан юқори кайфият билан тарқалишди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!